Мустақиллик ҳар бир мамлакат тарихида янги ислоҳотларни, фаровонликка элтувчи саъй-ҳаракатларни бошлаб бериши ҳамда инсонлар тафаккурида катта ижобий ўзгаришлар содир этиши билан беқиёс аҳамият касб этади.
У ўз шиддати билан барча соҳаларда самарали натижаларга олиб борувчи дадил ва туб ўзгаришларни талаб қилади.
Мамлакатимиз мустақиллиги Тошкент давлат юридик университети ташкил этилиши ва унинг фаолиятида муҳим ўрин тутади. Ўтган 30 йиллик вақт мобайнида Тошкент давлат юридик университети юртимиз истиқлоли билан тенгдош ҳолда ўзининг тарихий ривожланиш даврини босиб ўтди. Бу муддат мазкур олий ўқув даргоҳи учун юридик таълимни замон талабида такомиллаштиришда ўзига хос мактаб бўлди.
Бугунги кунда ана шу тўпланган тажриба университет томонидан юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
ЎзА мухбирининг Тошкент давлат юридик университети профессори Фируза МУҲИТДИНОВА билан суҳбати мамлакатимиз мустақилликка эришган йилларидан бошлаб юридик кадрлар тайёрлаш тизимидаги ўзгаришлар ва бунда ушбу олий даргоҳнинг ўрни ва аҳамияти хусусида бўлди.
– Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 15 августдаги қарорига кўра, Тошкент давлат университети таркибидан Тошкент давлат юридик институти ажралиб чиқиши катта янгилик эди, – деди Ф.Муҳитдинова. –Бу, табиийки, ушбу таълим муассасасида кенг кўламдаги ислоҳотларни талаб қиларди. Республикамиз олий таълим тизимидаги ислоҳотлар барча таълим муассасаларида бошланди. Уларнинг саноғини, кўламини баён қилиш мушкул. Хусусан, Тошкент давлат юридик университетидаги дастлабки ўзгаришлар сифатида қайд этиш мумкинки, таълим жараёнига янги фанлар киритилди.
Ўша давргача Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихи юристларга кенг қамровли ўқитилмаган. Шу сабабли дастлаб ушбу мавзуга, ҳуқуқий манбаларга эътибор қаратилиши ва ўқув жараёнида ўрганила бошлангани катта ислоҳот бўлди. Талабалар давлат ва ҳуқуқ, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида ҳуқуқшунос талабалар юртимизда мавжуд бўлган давлат бошқарувига, қозилик ҳужжатлари ва ишларига оид билимларга эга бўла бошлади.
Айниқса, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Наср Форобий, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобурнинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари, давлатчилик илми ва бошқарув тизими, Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларидаги сиёсий, ҳуқуқий муҳит илмий мунозарага чиққани ва кенг илмий жамоатчилик олдида ҳимоя қилингани катта ютуқ эди.
– Кейинги йиллар ислоҳотлар жараёнида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларига катта эътибор берилмоқда. Шу маънода, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва ушбу йўналишдаги ишлар кўлами ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик.
– Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу соҳадаги энг катта янгиланиш ва ўзгаришлар даврини бошлаб берди.
Мазкур фармон суд орқали инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилиш механизмини замонавий давлатчилик талабларига мослаштириш ҳамда жамият эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда суд органлари фаолиятида одил судлов даражасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Дарҳақиқат, Конституциямизда суд ҳокимияти фаолиятига тегишли қатор меъёрлар аниқ ифодаланганининг ўзи ҳуқуқий асосдир. Фармонда энг муҳим вазифалардан бири сифатида айнан “суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш” белгилангани бежиз эмас эди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳани тубдан такомиллаштиришга оид қатор фармон ва қарорларида ҳам юридик кадрларни тайёрлаш ва юридик таълим сифатини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди. Жумладан, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университети магистратурасига тўлов-контракт асосида талабаларни қабул қилиш квотаси 150 тагача оширилди. 2018 йилдан Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази очилди.
Жорий йилдан бошлаб Адлия вазирлигининг юридик коллежлари битирувчилари Тошкент давлат юридик университетига ҳудудий адлия органлари йўлланмалари билан, кириш тест синовларисиз, якка тартибдаги суҳбат ўтказиш орқали, бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ва ўқиш тугашидан сўнг тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда қабул қилиниши мамлакатимизда юридик таълимга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир.
– 2020 йил 29 апрелда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Сиз меҳнат қилаётган олий даргоҳда ушбу фармон ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони университетимиз фаолиятида муҳим даврни бошлаб берди, десам, тўғри таъкидлаган бўламан. Фармонга биноан Тошкент давлат юридик университети ташкилий тузилмаси қайта кўриб чиқилди ва янги факультетлар ташкил этилди. Ҳозирда ТДЮУда 4 та – оммавий ҳуқуқий, жиноий одил судлов, хусусий ҳуқуқ ҳамда халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик йўналишида факультетлар фаолият олиб бормоқда.
Мазкур факультетлар кесимида бир нечта янги кафедра ва марказлар ҳам ташкил этилган бўлиб, конституциявий ҳуқуқ кафедраси, маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси, криминалистика ва суд экспертизаси кафедраси, япон ҳуқуқини ўрганиш маркази, немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази шулар жумласидан.
– Бу йил университет жамоаси қўшалоқ байрамни нишонлаш арафасида турибди. Нуфузли даргоҳ жамоаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги ва Тошкент давлат юридик университети ташкил этилганининг 30 йиллиги тантаналарини қандай ютуқ, янгилик ва режалар билан кутиб олмоқда?
– Албатта, ҳар икки сана билан боғлиқ байрамни муносиб нишонлаш биз учун катта шараф. Бугун мустақил Ўзбекистон ўзининг ютуқлари билан дунёга танилаётган бўлса, университетимиз ўзининг малакали юридик кадрлар тайёрлаб бераётгани билан ижтимоий ҳаётда ўз мавқеини мустаҳкам эгаллаб бормоқда.
Айни кунларда 30 йиллиги нишонланиш арафасида турган Тошкент давлат юридик университетида 19 та кафедра мавжуд бўлиб, таълим маскани илмий салоҳияти 2021 йил февраль ҳолатига кўра, 41,2 фоизни ташкил этмоқда. 279 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 33 нафари фан доктори, 82 нафари фан номзоди, 23 нафари профессор, 42 нафари доцент илмий даража ва унвонларига эга.
Янги Ўзбекистон Янги Ренессанс остонасида турганини Тошкент давлат юридик университетида амалга оширилаётган замонавий ўқув тизими – кредит-модул тизими асосида йўлга қўйилганидан ҳам кўриш мумкин. Жумладан, бугун университет талабаларининг фанларни танлаш имконияти таъминлангани, яъни Европа кредит тизими – ECTS (European Credit Transfer and Accumulation System) жорий этилганини айтиш ўринлидир.
Жорий ўқув йилида университетнинг бакалавр ва магистратура босқичига масофавий қабул йўлга қўйилгани ҳам ислоҳотларнинг изчиллигидан дарак беради. “Икки томонлама диплом”, яъни (double degree) қўшма таълим дастурининг жорий этилгани ҳам янгиликлардан биридир.
Бугун ана шундай юридик таълим истиқболини кўзлаган университетда 4 минг 500 га яқин талаба ҳамда 270 нафарга яқин магистр таҳсил олмоқда. Мазкур олий таълим муассасаси Университетлар халқаро ассоциацияси, Юридик мактаблар халқаро ассоциацияси, Европа ҳуқуқ факультетлари ассоциациясига қабул қилинган.
Юқоридагиларга таяниб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўлида юридик таълим тизимидаги ислоҳотлар бўлажак юридик кадрларнинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлайди ҳамда юридик кадрлар тайёрлаш сифатини юқори даражага олиб чиқади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”. Ана шундай замон билан ҳамнафас, билимли ва малакали кадрларни тайёрлаш республикамиз тараққиётидаги ютуқларда акс этаверади.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди