Юридик таълим соҳасида ҳамкорлик
Мамлакатимизда сўнгги йилларда олий юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда олий юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш, яъни академик алмашинувни жорий этиш, турли илмий лойиҳаларни етакчи хорижий университетлар билан бирга амалга ошириш, нуфузли олий юридик таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўқув адабиётларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Тошкент давлат юридик университетига миллий юридик таълим ва фанни халқаро даражага олиб чиқиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш доирасида кўрилган дастлабки чора-тадбирлар натижасида Тошкент давлат юридик университети Халқаро университетлар ассоциацияси, Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси ва Европа ҳуқуқ факультетлари ассоциациясига тўлақонли аъзоликка қабул қилинди.
Европа юридик факультетлар ассоциацияси 150 дан ортиқ аъзога эга, Европада юридик таълим сифатини ошириш мақсадида муҳокама ва алмашинув майдончасини тақдим этиш учун ташкил этилган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Ассоциациянинг асосий фаолияти юридик таълимни ислоҳ қилиш жараёнини мувофиқлаштириш, янги стандартларни ишлаб чиқиш, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳуқуқшунослар учун иш берувчи ҳисобланган ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат юридик университети олдига қўйилган, замонавий ва салоҳиятли юридик кадрларни етиштириш вазифасини амалга оширишда нуфузли хорижий олий юридик таълим муассасалари билан Европа юридик факультетлар ассоциацияси доирасида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетида Нагоя университети (Япония) билан ҳамкорликда ташкил этилган Япон ҳуқуқини ўрганиш маркази фаолият юритмоқда. Шунингдек, Регенсбург университети (Германия Федератив Республикаси) билан 2020 йилда немис тили ва ҳуқуқини биладиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашга қаратилган Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар марказини очиш тўғрисида келишувга эришилди. Қолаверса, Буюк Британия ва Хитой Халқ Республикаси олий таълим муассасалари билан инглиз ва хитой ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек,университетни 2030 йилгача халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш мақсадида университет жамоаси томонидан ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ташкилий жиҳатдан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда талабаларнинг фанларни танлаш имкониятини таъминловчи ECTS Европа кредит тизимини жорий этиш муҳим саналади. Шунингдек, «Икки томонлама диплом» тақдим этишни назарда тутувчи қўшма таълим дастурларини жорий этиш, хорижий олий таълим муассасаларига докторантурага юбориш, етакчи чет эл мутахассисларини университетда ўтказиладиган ўқув ва илмий тадбирларга жалб этиш орқали халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳам муҳимдир.
Айниқса, ўқув жараёнида амалиётга йўналтирилган ва мунозарали машғулотлар ўтказишни кучайтириш, бўлажак ҳуқуқшуносларнинг танқидий фикрлаш ва нотиқлик санъатини ривожлантиришига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Кўплаб ривожланган давлатлар олий юридик ўқув муассасаларида клиник таълим жорий этилган бўлиб, бунда талабалар ўқув жараёнининг ўзидаёқ юридик клиникада амалиёт билан шуғулланиш имконига эга бўлади. Бу тизимнинг ижобий жиҳати шундаки, битирувчи амалиётга талабалик давриданоқ тайёрлаб борилади.
Европа юридик факультетлар ассоциацияси доирасидаги ҳамкорлик Тошкент давлат юридик университетига илмий ва илмий-тадқиқот йўналишида ҳам қатор имкониятларни тақдим этиши кутилмоқда. Ҳозир университетда чоп этиладиган журналларнинг халқаро миқёсдаги мавқеини кўтариш мақсадида уларни етакчи илмий базалар (РИНЦ, DOI, Scopus)га босқичма-босқич киритиш, келажакда ушбу журналларнинг алоҳида сонларини хорижий давлатлардаги нуфузли илмий юридик журналлар билан ҳамкорликда нашр эттириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Университет раҳбарияти ва жамоаси томонидан Европа юридик факультетлар ассоциациясидаги ҳамкорлик доирасида миллий ва халқаро олимпиадаларни ташкил этиш, халқаро танловларга талабаларни тайёрлаш, чет тилларида таълим бериладиган махсус академик гуруҳлар ўқув жараёнига хорижий олим ва мутахассисларни жалб қилиш кутилмоқда.
Мухтасар айтганда, мазкур аъзолик Тошкент давлат юридик университетида юридик таълим ва фанни халқаро даражага олиб чиқиш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини қўллаш, Европа кредит тизимини самарали жорий этиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, илмий-инновацион тадқиқотларни фаоллаштириш имконини яратади, шунингдек, университет дунёнинг энг яхши университетлари халқаро рейтингига киришига хизмат қилади.
Гўзал УЗОҚОВА,
ТДЮУ экология ҳуқуқи кафедраси мудири.