3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида "Инсон қадри учун!" шиори остида "Юракдан юракка" номли хайрия акцияси ўтказилди.
Тадбирда Тошкент вилояти секторлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, бўлим ва котибиятлар мудирлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, кўнгилли қатнашчилар иштирок этди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Холмирза Ниёзов ҳамда вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Абдуҳамид Маликовлар инсонийлик, меҳр-мурувват нақадар олий қадрият эканлиги, ногиронлиги бўлган шахсларга имкон доирасида саховат кўрсатиш каби эзгу фазилатлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.
Шундан сўнг "#YurakdanYurakka" хештеги остида ўтаётган акцияда Тошкент вилоятидаги Гематология қон қуйиш институтининг бемор болажонлари, махсус мактаб- интернат тарбияланувчилари томонидан ясалган амалий санъат намуналари сотуви ташкил этилди.
Шунингдек, махсус хайрия қутисига иштирокчилар кўнгилли равишда нақд пул шаклида саховат кўрсатди.
Тадбир доирасида вилоятдаги ногиронлиги бўлган, имконияти чекланган болажонлар ва фуқаролар учун жами 300 кишилик жой ҳозирланиб, тўкин дастурхон ёзилди.
Шунингдек, хайр-саховат улашувчилар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга совғалар тақдим қилинди. Концерт дастурлари, кўнгилочар чиқишлар намойиш этилди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири