Юрак саломатлиги ҳар бир инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, юрак аритмиялари — яъни юрак уришининг нормал ритмда бўлмаслиги — кўплаб саволлар ва хавотирларни юзага келтиради. Ушбу масалага ойдинлик киритиш ва юрак аритмиясининг сабаблари, хавфлилик даражаси ҳамда даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида, биз Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, олий тоифали кардиолог Наргиза Сайфиддиновага мурожаат қилдик.
Қуйида Наргиза Сайфиддинова билан бўлиб ўтган мазмунли суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Наргиза опа, юрак аритмияси қандай ҳолатларда юзага келади ва бу касаллик қанчалик хавфли ҳисобланади?
— Одам организмидаги бошқа аъзоларга қараганда, юрак дабдурустдан тўхтаб қолиши, тез уриб кетиши ёхуд секинлашиши каби хавфли жиҳатлари билан ажралиб туради. Беморга аритмия ташхиси қўйилдими, у албатта даволаниши шарт. Афсуски, аксарият инсонлар бу масалага юзаки қарашади. Шуни унутмаслик керакки, касаллик ўз вақтида самарали муолажа қилинмаса, ўта жиддий асоратлар, ногиронлик ҳамда кутилмаган ўлим ҳолатига олиб келиши ҳам мумкин.
Аритмиянинг ҳар хил турлари мавжуд. Уларнинг орасида энг кўп учрайдиганлари юракнинг тез уриб кетиши билан боғлиқ аритмиялар ҳамда юрак маромининг пасайиб кетиши билан характерланадиган касаллик кўринишларидир. Ҳар бири ҳаёт сифатининг ёмонлашиши ва салбий оқибатларга олиб келиши билан хавфли саналади.
Юрак уришининг 90 тадан ортиқ бўлиши тахикардия дейилиб, унинг юрак қоринча усти, юрак қоринчаси тахикардия турлари мавжуд. Юрак қоринча усти бўлмачалар тахикардияси ҳам бир қанча турларга ажратилади. Дейлик юрагингиз нормал ҳолатда 70-80 та уриб туриб, тўсатдан тезлашиб кетади ва 150-160 ҳатто ундан ҳам тезроқ ура бошлайди. Бу тахикардиянинг тўсатдан юрак уриши билан намоён бўладиган хилидир.
Аритмиянинг ҳилпировчи тури ҳам бўлиб, бунда юрак уриш сони палапартиш юз беради. Безовталик тўсатдан бошланиши ёки доимий ҳолатга ўтиши мумкин.
Юрак ўтказувчанлик йўлида қўшимча йўлнинг пайдо бўлиши оқибатида келиб чиқадиган аритмия. Асосан туғма кўринишда бўлса ҳам қўшимча йўл фаоллашганидагина безовталик келиб чиқади. Мазкур ҳолат асосан 40 ёшдан ошганларда кўпроқ кузатилади.
— Касаллик қандай аломатлар билан намоён бўлади?
— Ҳолсизлик, юқорига кўтарилганда ҳансираш, қон босимининг ортиши ёки камайишида юз берадиган ўзгаришлар юракда қандайдир муаммо борлигининг дастлабки аломатлари бўлиши мумкин. Бунга ҳар бир инсоннинг ўзи доимий равишда аҳамият бериши керак. Агар ушбу аломатлар тез-тез кузатилиб, юракда қандайдир ўзгаришни сезсангиз, албатта шифокорга учрашишни тавсия қиламан. Билиб–билмай тинчлантирувчи воситалар ёки бирор бир дори препаратини қабул қилишдан қочиш лозим. Одатда юрак аритмиясига ташхис қўйишда ЭКГ таҳлили, мураккаб аритмияларда эса 24 соат давомида юрак фаолиятини ёзиб борувчи Холтер бўйича ЭКГ текширувлари ўтказилади.
Ҳар бир касалликка энг аввало аниқ ташхис қўйиш жуда муҳим ҳисобланади. Шунинг учун ҳам юракда қандайдир ўзгариш рўй сезилдими, ортга сурмасдан дарҳол мутахассисга учрашиш зарур. Чунки аритмияни беморнинг психоэмоционал ҳолати ва ёндош касалликларида учрайдиган аломатлар билан адаштириб юбормаслик муҳим. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, юрак тўхтаб уриши, томоқда овқат тиқилганга ўхшаган ҳиссиётнинг юзага келиши, юрак уриши тезлашиши, бош айланиши, кўз олди қоронғилашиши, ҳансираш, ҳаво етишмаслиги ҳисси, ҳолсизлик, толиқиш, ҳушдан кетиш ва бошқа шу каби аломатлар ҳар доим ҳам аритмия дегани эмас. Ушбу аломатлар қўрқув ҳисси бўлганда ҳам кузатилиши мумкин. Соматик (тана) жиҳатдан соғлом, ваҳима хуружлари, неврозлар ёки фобиялардан азият чеккан инсонлар ҳам кўп ҳолларда шунга ўхшаш аломатлар билан шикоят қилишлари амалиётда кузатилган. Шунинг учун ҳам ўз вақтида тажрибали мутахассисга мурожаат қилиш энг тўғри йўлдир.
— Энди касалликни давоси ҳақида икки оғиз гапириб ўтсангиз. Сиз фаолият юритаётган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида қандай даво чоралари қўлланилмоқда ва у қанчалик самарали?
— Аритмология ёш соҳа ҳисобланса-да, жадал ривожланиб бормоқда. 10–15 йил ортга назар ташлайдиган бўлсак, хасталикка қарши курашишда фақат дори- дармонларга мурожаат қилинган, холос. Аммо препаратлар дарддан бутунлай фориғ бўлиш имконини бермаган. Халқаро миқёсда ўтказилган тадқиқотлар хулосаси шуни кўрсатадики, касалликка чалинган инсонларнинг 50 фоизидан ортиғи дори воситаларини тўла-тўкис ўз вақтида қабул қилмайди. Бу ўз ўрнида аритмиянинг сурункали турга ўтишига, ногиронлик ёки эрта ўлим ҳолатларига етаклайди.
Бугунга келиб, марказимизда аритмияларнинг 90 фоиздан ортиғи интервенсион жарроҳлик амалиёти ёрдамида даволанмоқда. Бемор операциядан сўнг умрбод дори ичишдан халос бўлади ҳамда ҳаёт сифати яхшиланиб, салбий оқибатларнинг олди олинади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жарроҳлик муолажаси наркозсиз, кўкрак қафасини очмаган ҳолда фақатгина қон томирлари орқали, маҳаллий оғриқсизлантириш йўли билан амалга оширилади.
– Охирги саволимиз: Агар кутилмаганда юрак уриши тезлашиб, аритмия хуруж қилиб қолса нима қилиш керак?
— Аввало бундай вазиятда қулай ўтириб олиш муҳим. Кейин тор бичимли кийимларни ёқасини ҳамда қоринни сиқиб турган камарни бироз бўшатиш керак. Нафас олиш маромини тартибга келтириш учун кўзларни юмиб, бироз тин олишни тавсия қиламан. Тўғри нафас олишга эътибор қилиш даркор. Агар хуруж ўтиб кетавермаса, тез ёрдам хизматига мурожаат қилиш зарур.
Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Умиджон Қурбонов, ЎзА