Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрда «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорда белгиланганидек, электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилинади.
Хўш, электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қай тартибда ўрнатилади? Муҳофаза зоналари талабларига амал қилмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
Бизнинг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов билан суҳбатимиз мазкур саволлар асосида бўлди.
– Дарҳақиқат, электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари бўйича талаблар мавжуд, – дея таъкидлади У.Урунов. – Шу боис бу каби муҳофаза зоналари билан боғлиқ масалалардан хабардор бўлишимиз керак.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига тўхталиб ўтсам. Қарорнинг учинчи бобида электр тармоғи хўжалиги объектлари ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилиниши таъкидланган.
Мазкур муҳофаза зоналари электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб, четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони инобатга олинган ҳолда ўрнатилади. Масалан, бир киловольтгача кучланишли линиялар учун 2 метр, 20 киловольт кучланишли линиялар учун 10 метр, 35 киловольт кучланишли линиялар учун 15 метр, 110 киловольт кучланишли линиялар учун 20 метр, 220 киловольт кучланишли линиялар учун 25 метр каби муҳофаза зоналари белгиланган.
Ушбу ҳимоя зоналарида амалиётларни ўташ тақиқланади. Хусусан, бу ерда турар-жойлар қуриш мумкин эмас. Агар мазкур ҳудудга уйлар ёки ёрдамчи хўжаликлар яқин бўлса, шамол бўлиб, симларда тебранишлар юз бериши ва бу ҳолат туфайли катта кучланишдаги электр энергияси уйларга зарар етказиши мумкин. Айнан шундай объектларда реле ҳимояси ва автоматика тизими бўлмаса, 500, 200 киловольт кучланишли симлар ерга тушса, тупроқни шунчалик қайнатиб, шишага айлантирадиган даражадаги ҳолат юз беради. Шу вазиятлардан келиб чиқиб, электр узатиш ҳаво линияларида ҳимоя зонаси белгиланган.
Дейлик, юқори кучланишли линиялар билан йўллар кесишмасидаги ҳудуд учун тартиблар мавжуд. Қарорга асосан ушбу кесишмадаги йўлларда габаритли ва оғир юкларни ташиш бўйича тегишли кўрсатмалар мавжуд. Масалан, 500 кВ.ли тармоқлар остидаги сим ўтган жойда автомобилларни тўхтатиш қатъиян ман этилади.
Бундан ташқари, электр узатиш линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш, ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қуйиш, ахлатхоналарни жойлаштириш, шунингдек, кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш ҳам тақиқланади.
Айтиш жоизки, фуқаролар бу каби муҳофаза зоналаридаги тартибларга амал қилмаса, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарорига мувофиқ, фуқаро томонидан содир этилган ноқонуний ҳаракат туфайли ишлаб чиқариш ёки бошқа ҳолатга катта зиён етказилмаса, шахсга нисбатан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилади ва маъмурий жавобгарликка тортилади. Агар бу ҳолат такрорланса ёки оғир оқибатлар олиб келса, амалдаги қонунларга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Uza.uz сайтимизнинг YouTube каналида ушбу суҳбатимизнинг тўлиқ вариантини томоша қилиш мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2YnrKnx5WPw" title="Yuqori kuchlanishli elektr uzatish tarmoqlarining muhofaza zonalarini bilasizmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева, Аброр Содиқов, Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж), ЎзА