Мустақиллигимизнинг ўттиз уч йиллиги олдидан Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида бир қатор ижтимоий ва тадбиркорлик объектлари фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман фаоллари иштирокида мазкур иншоотларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтди.
Дастлаб, туманнинг 17-сонли тез тиббий ёрдам станциясида бўлган меҳмонлар, барча шароитларга эга, марказда аҳоли учун қулай бўлган хизмат биноси билан танишди. Муассаса 4 та махсус автомобиль ҳамда бригадаларни автоматлаштирилган бошқарув тизими орқали чақириқларни қабул қилиш ва маълумотларни қайта ишлашга мўлжалланган планшетлар билан таъминланган.
“Чумчуқжар” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий кўринишда 120 ўринли, “Кавардон” МФЙда 25 ўринли ва “Тоштўизоқ” маҳалласида эса 50 ўринли Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳам бугундан иш бошлади. Шунингдек, тумандаги 7-, 20- умумтаълим мактабларида реконструкция ишлари олиб борилиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолга келтирилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар учун ташкилотлар томонидан жами 42 миллиард 697 миллион сўм маблағ ажратилган.
“Гулистон” МФЙда ҳам яна бир мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қуритиш корхонаси ишга туширилди. Умумий қиймати 49 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа доирасида бугунги кунда 50 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, “Истиқбол” маҳалласи ҳудудида яна бир хусусий клиника, шунингдек, Юқори Чирчиқ тумани ва Паркент тумани аҳолисига хизмат қиладиган гемодиализ бўлими ҳам аҳоли ихтиёрига берилди.
Тадбир иштирокчилари мазкур объектларда бўлиб, яратилган шароитлар, амалга оширилган ишлар билан танишди.
А.Мусаев, ЎзА.