ЮНЕСКО асосий анжуманини Самарқандда ўтказади
Франция пойтахтида ўтаётган ЮНЕСКО Бош ассамблеяси 42-сессиясида Ўзбекистоннинг навбатдаги, 43-сессияни 2025 йил Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Сўнгги қирқ йил мобайнида илк бор БМТнинг мазкур нуфузли тузилмаси Бош органи йиғилиши Париждан ташқарида уюштириладиган бўлди.
“Бу дипломатик муваффақият”, - дея изоҳлади қабул қилинган қарорни 42-сессия раиси Симона-Мирела Микулеску.
Эслатиб ўтамиз, 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеяси 25-сессияси катта муваффақият билан ўтди. 140 дан зиёд давлат вакиллари иштирок этган анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.
ЎзА