“Юксалиш”да янги уйлар эгаларига топширилди
Наманган шаҳридаги Давлатобод тумани ҳудудида эҳтиёжманд ва ёш оилалар учун барпо этилган кўп қаватли арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 октябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Наманганда ҳам уй-жойга муҳтож аҳолига замонавий, барча шароитларга эга бўлган хонадонлар қурилди. Хусусан, “Юксалиш” маҳалласида 9 қаватли, ҳар бири 36 хонадондан иборат учта уй фойдаланишга топширилди.
“Ўзшаҳарқурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти буюртмачилигида бунёд қилинган ҳар бир уйнинг умумий қиймати 11 миллиард 500 миллион сўмга тенг бўлиб, жами 34 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
Янги уй-жойларда муҳандислик-коммуникация тармоқлари тортиш мақсадида 0,5 км. тоза ичимлик суви, 0,2 км. канализация ҳамда 0,6 км. узунликдаги кириш ва ички йўлларни қуриш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, уйларнинг ҳар бирига замонавий икки контурли иситиш қозони ўрнатилиб, алоҳида иситиш тизими билан таъминланди.
[gallery-713]
Қайд этиш жоизки, янги уйлардаги 102 хонадондан 62 таси ногиронлиги бўлган шахслар, 6 таси оғир турмуш шароитига тушган аёллар ва яна шунчаси жамият ҳаётида фаолллик кўрсатаётган ёшлар учун ажратилиб, уйларнинг бошланғич тўлови давлат томонидан тўлаб берилди.
- Бундан уч йил аввал ёш оилалар учун ажратиладиган уй-жойлардан олиш мақсадида ариза топширгандим. Боиси, ҳовлимиз торлиги сабабли алоҳида уйга эҳтиёж юзага келганди. Ёшлар билан ишлаш борасидаги камтарона хизматларимиз эътиборга олиниб, мана бугун замонавий ва шинам хонадонга эга бўлдик. Бунинг учун давлатимиз раҳбариятидан беҳад миннатдорман, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаоли, “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳожиакбар Паттоев.
Тантанали маросимда иштирок этган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов хонадон соҳибларини уй тўйлари билан табриклаб, уларга эсдалик совғаларини тақдим қилди.
Маълумот ўрнида, “Юксалиш” маҳалласида сўнгги уч йил давомида жами 31 та кўп қаватли арзон уй-жойлар намунавий лойиҳалар асосида қуриб битказилди. Айни вақтда умумтаълим мактаби ва болалар боғчаси қурилмоқда. Аҳоли, айниқса ўғил-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида эса “Ёшлар” кичик саноат зонасини барпо этилмоқда. Унда келгусида 60 бизнес лойиҳаси ишга тушиши билан 3 минг 500 та янги иш ўрни яратилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА