Юксалиш йўлида илдамлаётган корхона
Мамлакатимиз саноати ва энергетика салоҳиятини юксалтиришда “Навоийуран” давлат корхонасининг “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони муҳим ўрин тутади.
Мазкур бўлинма таркибидаги Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи 1985 йил 20 октябрда фаолиятини бошлаган бўлиб, юртимиз кимё саноатидаги илк йирик иншоотлардан биридир. Ишга туширилган пайтда цехнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 500 минг тоннани ташкил этган бўлиб, бу қувват ҳозиргача барқарор сақланиб келмоқда.

– Цехнинг асосий вазифаси уран маҳсулотини ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган сульфат кислотасини маҳаллий шароитда тайёрлаш ҳамда саноат тармоқларини ушбу муҳим кимёвий модда билан таъминлашдан иборат, – дейди цех бошлиғи Эрали Васиев. – Сўнгги қирқ йил мобайнида цехда жами 15,4 миллион тоннадан ортиқ сульфат кислотаси ишлаб чиқарилди.

Бу маҳсулотлар “Навоийуран”ДК нинг геотехнологик конлари, “НКМК” АЖнинг гидрометаллургия заводлари ҳамда саноат зонасидаги кимё-энергетика корхоналарига етказиб берилмоқда. 2011 йилдан бошлаб эса цехдаги асосий технологик ускуналар ва қурилмалар тўлиқ реконструкция қилинди. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш қуввати тикланди, иш самарадорлиги ошди.

Сўнгги йилларда цехда маҳаллийлаштириш дастури ҳамда инновацион лойиҳалар доирасида қатор амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, қуритиш-абсорбция бўлими учун янги совиткичлар, қумоқли олтингугурт бўлими учун замонавий эритиш қурилмалари ўрнатилди. Чиқинди буғлардан қайта фойдаланиш орқали сув сарфини камайтирувчи конденсаторлар ва овоз сўндиргичлар жорий этилди.

Бундан ташқари, чиқинди буғидан фойдаланган ҳолда биноларни иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизими қурилди. Геотехнологик конлар эҳтиёжлари учун “Экструдер” қурилмалари, полиэтилен қувурлари ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилди.


Ҳозирда цехда техник қайта жиҳозлаш ва автоматлаштириш лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Техник жараёнларни автоматик бошқариш тизимлари замонавий талаблар асосида модернизация қилинмоқда.

Айни пайтда цехда фаолият олиб бораётган мутахассислар ишлаб чиқариш чиқиндиларидан қимматли элементларни қайта тиклаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. Лаборатория шароитида ишлатилган ванадий катализаторидан ванадий пентоксиди олиш технологияси яратилди. Бу йўналиш келгусида ишлаб чиқаришда хомашёдан тежамкор фойдаланиш ва янги маҳсулот турларини ўзлаштириш имконини беради.
А.Бўриев, ЎзА