Юксалиш одимларини белгилаётган ислоҳотлар
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аввал белгиланган вазифалар ижроси билан танишиш мақсадида 19 январь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, аввал белгиланган вазифалар ижроси билан танишиш мақсадида 19 январь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.Сурхондарё вилояти улкан иқтисодий имкониятлари, географик ва транспорт салоҳияти билан мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Вилоятнинг ер ости ва ер усти бойликларидан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳудуднинг саноат салоҳиятини юксалтириб, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилаётган бўлса, аграр тармоқда юз бераётган ўзгаришлар аҳолининг тўкин, обод ҳаётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10-11 февраль кунлари вилоятга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналар ишга туширилиб, кўплаб янги турдаги маҳсулотларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Сервис ва хизмат кўрсатиш тармоқлари янги босқичда ривожланишга юз тутди. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этишга эътибор янада кучайди.
Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини Термиз туманидаги «Inter Silk Pro» қўшма корхонасига қарашли пиллахона билан танишишдан бошлади. Бу ерда Хитой технологияси асосида пилла етиштирилиб, қайта ишлаш тармоқларига етказиб берилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартдаги қарори асосида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилган эди. Уюшма томонидан бугунги кунда тармоқни жадал ривожлантириш мақсадида соҳага инновацион ғоя ва технологиялар жорий этилмоқда.
Илғор хорижий тажрибалар асосида 2017 йилда барпо этилган пиллахонада плёнка остида ҳамда сунъий дасталарда саноатбоп хом ашё етиштирилади. Бунда барг сарфи 30 фоизгача камаяди, шу билан бирга, биринчи-иккинчи ёшдаги ипак қурти боқилиб, касаначиларга тарқатилади. Сунъий дасталарнинг афзаллиги шундаки, қурт пиллани стандарт ҳолатда ўрайди.
5 гектарлик қуртхонада 10 киши доимий, 70-75 киши мавсумий ишлайди. Бу ерда 100 бош парранда, 50 қути асалари, шунингдек, чорва моллари, қуён парваришланмоқда.
Ушбу маскандаги тутзор ҳам инновацион усулда, 0,90х0,20 схемаси асосида ташкил этилган. Бунда бир гектарга 55 минг тупдан зиёд тут кўчати ўтқазилади ҳамда йилига уч марта барг олинади. Шу асосда вилоятда йилига 2-3 марта пилла етиштириш имконияти пайдо бўлмоқда.
Президентимиз “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилгандан сўнг пиллачилик соҳасини ривожлантириш борасида ижобий қадамлар ташланаётганини таъкидлади. Тармоқда эришилаётган ютуқларда соҳа учун пухта ҳуқуқий асос яратилгани муҳим омил бўлмоқда.
Ўтган йили пилладан мамлакатимизда илк бор тажриба тариқасида уч марта ҳосил олишга эришилди. Барча ҳудудларда қуртхона мажмуалари қурила бошланди. Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида 51, мамлакатимиз бўйича 151 пиллахона мавжуд.
Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда пиллахоналарни 10 мингтага, пилла экспортини йилига 1 миллиард долларга етказиш зарурлигини қайд этди. Бунинг учун мавжуд тутзорларнинг барчаси “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига берилади. Ҳар бир тутзорда биттадан пиллахона қурилади. Тут қатор ораларига қишлоқ хўжалик экинлари экилади.
Вилоятнинг ўтган йили пиллачиликда юқори самарадорликка эришган фаол пиллакорларига Президентимиз совғаси сифатида 12 та “Damas” автомобили ҳамда иккита қишлоқ хўжалик техникаси топширилади.
Шу ернинг ўзида вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, иссиқхоналар, анорзорлар, ёнғоқзорлар, интенсив боғ ва токзорлар, коврак ва писта плантациялари, балиқчилик ва паррандачилик комплекслари ташкил этиш, ер ўлчашда дронлардан фойдаланиш каби лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалигида интенсив технологиялар асосида истиқболли лойиҳаларни изчил амалга ошириш, халқаро молия ташкилотларининг кредит маблағларини жалб этган ҳолда мева-сабзавотчилик, чорвачилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, вилоятда янги тармоқларни ўзлаштириш ҳисобига иқтисодиёт барқарорлигини мустаҳкамлаш лозимлиги қайд этилди.
Бугунги кунда Россия, Австрия, Исроил ва бошқа давлатлар ишбилармонлари билан вилоятдаги инвестиция лойиҳалари бўйича ҳамкорлик ишлари бошланган. Президентимиз ишбилармонлар билан суҳбатда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, валюта бозорини эркинлаштириш ва хорижий инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган эътибор туфайли ташқи бозорда Ўзбекистоннинг шериклари кўпайиб бораётганини, Сурхондарё вилоятида ҳам улар учун қулай имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев вилоятга аввалги ташрифи чоғида балиқ, тухум ва парранда гўшти етиштириш, чорвачиликни ривожлантириш ва аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш борасидаги лойиҳалар билан танишиб, зарур тавсиялар берган эди. Тақдимот чоғида ана шу лойиҳалар ижроси атрофлича муҳокама этилди. Боботоғ ўрмон хўжалиги ерларида пистазор, бодомзор ва ёнғоқзорлар, коврак плантациялари барпо этиш, “ўсимликлар клиникаси” ташкил этиш орқали аҳоли томорқасида етиштирилаётган мева-сабзавот экинларини зараркунанда ҳашаротлардан асраш каби лойиҳалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Президентимиз Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Зиёрат чоғида Қозоғистоннинг Актюбинск вилоятида юртдошларимиз вафот этганидан чуқур қайғуда эканини айтиб, уларнинг яқинларига таъзия билдирди.
Марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Шавкат Мирзиёев «ASG Group» корхоналар уюшмасига қарашли “Жарқўрғон мева-сабзавот экспорт” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Бугунги кунда «ASG Group» корхоналар уюшмаси таркибида 18 корхона фаолият юритади. Уларнинг 6 таси Сурхондарё вилоятида ташкил этилган. Мазкур корхоналар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва уни экспорт қилиш билан шуғулланади. 2016-2017 йиллар Хитой, Афғонистон, Покистон, Вьетнам, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Туркия ва МДҲ давлатларига 74 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. Жорий йил экспорт ҳажмини 150 миллион долларга етказиш мўлжалланмоқда.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида «ASG Group» корхоналар уюшмасига қарашли 2 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи логистика маркази фаолият кўрсатмоқда. Келгусида Денов, Сариосиё, Олтинсой, Ангор, Музработ туманларида ҳам йирик логистика марказларини ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарига “Жарқўрғон мева-сабзавот экспорт” масъулияти чекланган жамиятининг Денов туманида 2018 йилда ташкил этиладиган картошкани Франция интенсив технологияси асосида етиштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Франциядан биринчи авлод картошка уруғлари келтирилиб, 2 минг гектар майдонга экилади. Томчилатиб суғориш усули жорий этилади. Бунда сув ресурслари сарфи тўрт баробар тежалишига эришилади. Бир гектар ердан камида 50 тонна ҳосил олиш мумкин.
Лойиҳа қиймати 240 миллиард сўм. 60 миллиард сўми корхонанинг ўз маблағи, 180 миллиард сўми банк кредитидир. Лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, 1,5 минг иш ўрни яратилади.
Президентимиз қишлоқ хўжалигига илмий асосда ёндашиш юқори самарадорликка эришиш, аҳоли фаровонлигини оширишда асосий омил бўлишини таъкидлади. Соҳага интенсив технологияларни янада кенгроқ жорий этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
“Ангор Сурхон ғурури” томонидан тўқимачилик кластери ташкил этиш лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Бунда 3,5 минг гектар ерда юқори рентабелли интенсив толали пахта навлари етиштириш мўлжалланмоқда. Юқори технологиялар асосида ҳосилдорликни 50-60 центнерга ошириш, ҳосилни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Ушбу корхона томонидан 40 гектар майдонда лимон, шафтоли, қулупнай, кўкат етиштириш бўйича иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу аҳоли даромадларини ошириш, бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
«ASG-Surxon exsport-import savdo» корхонаси томонидан бўз ва суғорилмайдиган ер майдонларида томчилатиб суғориладиган интенсив боғлар ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Олинган маҳсулот қайта ишланиб экспортга йўналтириш мақсад қилинган.
Мазкур йўналишда 2018 йилда 900, 2019 йилда 1 минг 150 гектар майдонда интенсив боғлар яратилади. Айни пайтда амалий ишлар бошлаб юборилган. АҚШ, Исроил ва Туркиядан мутахассислар жалб қилинган. Режалаштирилган 9 қудуқдан 3 тасида бурғулаш ишлари якунланди.
Шу ерда Термиз шаҳри бош режаси асосида кўп қаватли уйлар, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Оталар чойхонаси, масжид қуриш, “Хўжаипок” туманлараро ичимлик суви ишлаб чиқариш, замонавий канализация тармоқлари ётқизиш, вилоятда кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, уй-жой мулкдорлари фаолиятини такомиллаштириш, Денов шаҳрининг Шароф Рашидов номидаги кўчасини қайта қуриш, кўча атрофида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари аҳолини уй-жой билан таъминлаш доимий эътиборда бўлиши лозимлигини қайд этди. Қурилаётган уйлар нархини янада арзонлаштириш, бунинг учун маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш керак, деди Президентимиз.
Термиз шаҳри бош режаси доирасида 30 та етти қаватли уй қурилиши белгиланган эди, аҳоли талаби инобатга олиниб, Президентимиз кўрсатмаси бўйича яна 32 та етти қаватли уй қуриладиган бўлди. Шунингдек, ичимлик суви бўйича кўзда тутилган лойиҳани имкон қадар тезроқ амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Ангор туманидаги “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамиятининг маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди.
Завод Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидан чиқиндиларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ҳамда улардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу ерда қурилиш-монтаж ишлари, илғор технологияларни ўрнатиш, махсус чиқинди ташиш техникаларини харид қилиш учун 8 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланди.
Корхона йилига 182 минг тоннадан ортиқ чиқиндини саралаб, қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерда ишлатилган пластмассадан полиэтилен қувурлар, шишадан мозаика ва плиткалар, ёғочдан брикет, қоғоз чиқиндисидан картон ва қоғоз, озиқ-овқат чиқиндисидан биогаз ҳамда биогумус ишлаб чиқарилади. Корхона шу йилнинг январь ойи охирида иш бошлаши режалаштирилган. Айни пайтда 150 киши ишга қабул қилинган. Завод тўлиқ ишлай бошлагач, яна 250 киши иш билан таъминланади.
Шу ернинг ўзида вилоятда гидроэнергетика, кўмир саноати ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Бойсун туманида жойлашган “Марказий” ва “Шарқий” участкаларида тошкўмир қазиб олишни ташкил этиш лойиҳасининг тахминий қиймати 50 миллион долларни ташкил этади. Уни 2020 йилда фойдаланишга топшириб, йилига 450 минг тонна кўмир қазиб олиш мўлжалланмоқда. Мазкур лойиҳанинг ўзлаштирилиши тоғли туманда 320 кишининг бандлик масаласини ҳал этади.
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти вилоятда янги саноат корхоналарини барпо этиб, замонавий иншоотлар учун тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга эътиборни кучайтирмоқда. Акциядорлик жамияти 2018-2019 йилларда цемент ишлаб чиқарадиган иккита корхона лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда. Вилоятда бой захирага эга қамишни қайта ишлаб, плиталар тайёрлашни рағбатлантираётир. Лойиҳалар амалга ошса, 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. 161,4 миллиард сўм бюджетга тушумлар тушиши таъминланади.
Музработ туманида “Surxon KSP Grand” МЧЖ томонидан қамишдан ҚЗП ва ЛҚЗП (ДСП) маҳсулотини ишлаб чиқариш комплекси ташкил этилаётгани самарасида вилоят ҳудудида ўсадиган қамиш қайта ишланиб, қурилиш иншоотлари учун зарур арзон ва сифатли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Йилига 150 минг квадрат метр қамиш заррачали ва ламинация қилинган плиталар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, 400 киши доимий, 5 минг киши мавсумий иш билан таъминланади.
Шеробод туманидаги Жерданак конидан олинадиган минерал бойликларни қайта ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш лойиҳасини вилоятдаги “Сурхон Термиз Чинни”, “Сурхон Каолин” ва “Surxon-Keramiks” масъулияти чекланган жамиятлари амалга оширади. Хусусан, “Сурхон Термиз Чинни” МЧЖ лойиҳасининг умумий қиймати 12,5 миллиард сўм. Унинг 8,5 миллиард сўми тижорат банкининг кредит маблағи бўлиб, йилига 6 миллион донадан ортиқ чинни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. “Сурхон Каолин” жамияти томонидан рўёбга чиқарилиши кўзда тутилаётган янги лойиҳа йилига 20 минг тоннагача турли минерал бойликларни қайта ишлайди. Бу ерда бойитилган импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулот мамлакатимиз чинни буюмлари ишлаб чиқарувчилари ҳамда ўтга чидамли ғишт ва плита ишлаб чиқарувчи корхоналар, жумладан, “Surxon-Keramiks” жамиятига етказиб берилади.
Давлатимиз раҳбари Шеробод туманида “Euro med plus” хусусий диагностика ва даволаш маркази фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хусусий тиббиёт ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида олис қишлоқлар аҳолисига ҳам замонавий, юқори технологик ташхис қўйиш ва даволаш имконияти яратилмоқда.
Шу кунларда фойдаланишга топширилган мазкур тиббиёт муассасаси компьютер томографи, рақамли рентген, ультратовуш текшируви, видеогастроскоп, видеокольпаскоп ускуналари билан жиҳозланган. Шунингдек, беморларни ультратовуш, электр, магнит, лазер билан даволаш, умуртқа чурраларини тракцион чўзиш йўли билан соғломлаштириш имкониятлари мавжуд. Келгусида бу ерда жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилмоқда.
Эндиликда шошилинч ҳолатларда беморлар Термиз шаҳридаги тиббий марказларга бориб келиш ташвишидан қутилди. Агар 182 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Шеробод, шунингдек, қўшни Музработ, Бойсун, Ангор, Қизириқ туманларида тез ва аниқ ташхис қўйишда зарур бўлган замонавий ускуналар етишмаслигини ҳисобга олсак, мазкур тиббиёт маскани фаолиятининг аҳамияти янада яққол намоён бўлади.
Ушбу марказда тиббиёт коллежлари ўқувчилари учун амалиёт маркази ташкил этилган бўлиб, улар бу ерда назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлайди.
Давлатимиз раҳбари клиника имкониятлари билан танишар экан, мазкур шифо маскани билан пойтахтимиздаги “Akfa Medline” клиникаси ўртасида ҳамкорликни, тажриба алмашишни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев туманнинг Тароқли маҳалласида ҳам бўлиб, “Покиза” нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишди.
Тадбиркор Абдуқодир Норбеков барпо этган ушбу муассасада шароитлар мактабгача ёшдаги болаларнинг дунёқарашини шакллантириш учун ҳар томонлама қулай ва шинам қилиб жиҳозланган.
Давлатимиз раҳбари боғчада кичкинтойлар ва педагог-тарбиячилар учун яратилган шароит, тарбия жараёни қандай йўлга қўйилгани билан қизиқди. Бу ерда кичкинтойларнинг соғлом бўлиб улғайиши учун имкониятларни янада кенгайтириш, ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этиш зарурлигини таъкидлади. Туманда аҳолининг талаб-истакларини инобатга олиб, яна 10 нодавлат мактабгача таълим муассасаси қуриш ва болаларни уларга қамраб олишни кенгайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди. Боғчалар қурилиши учун "Ўзмиллийбанк" томонидан 25 миллиард сўм кредит ажратилади.
Президентимиз Исо Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Ушбу қадамжо ёнида бунёд этилган масжидни кириб кўрди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга олдинги ташрифи чоғида режалаштирилган мазкур масжид кенг ва ёруғ қилиб қурилган.
Президентимиз бундай эзгу ишлардан Термизий бобомизнинг руҳи шод бўлиши, бу масканга келган одамнинг руҳи кўтарилиб, эътиқоди мустаҳкамланишини таъкидлади.
Қизириқ тумани марказида Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ёш авлодни тарбиялаш ва иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.