Андижон вилоятида бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.
Айтиш жоизки, кейинги беш йил ичида вилоятнинг туман, шаҳарлари марказлари, қишлоқ ва маҳаллалари бутунлай янгича қиёфа касб этмоқда. Янги ишлаб чиқариш корхоналари, савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар-жой бинолари, кенг ва равон йўллар, хиёбонлар ҳудудлар қиёфасига ўзгача кўрк бағишлаётир.
Очиғи икки йил аввал Андижонда бўлган кишининг ўзгаришларни кўриб ҳайрати ошади. Қад ростлаётган бир-биридан чиройли бинолар, кенг ва обод кўчалар кўзни қувонтиради.
[gallery-8047]
– Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг кўмаги билан Андижонда кейинги йилларда кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қўйингки, иқтисодий соҳанинг барча йўналишлари жадал ривожланмоқда, халқимизнинг маънавий, маданий ҳаёти юксалмоқда. Андижонликлар тараққиёт ва юксалишнинг юқори поғоналари сари дадил одимламоқда. Ана шу ишлар замирида энг аввало юртни обод қилиш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш йўлидаги эзгу ва хайрли мақсадлар мужассам.
Андижонда саноат, айниқса, тўқимачилик жадал ривожланмоқда. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида биргина 2021 йилда вилоятда умумий қиймати 10,1 триллион сўм бўлган 735 лойиҳа ишга туширилди, 41 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Лойиҳаларни жойлаштиришда ишсизлик юқори бўлган чекка ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, Избоскан туманидаги "Соҳиб омад баракаси" масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 10 миллион дона, Жалақудуқ туманидаги "Зумрад текстиль" корхонаси томонидан йилига 5 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 2 минг нафардан зиёд қишлоқ аҳолиси иш билан таъминланди.
Жорий йилда вилоятнинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда ижтимоий-иқтисодий дастурлар асосида умумий қиймати 12,4 триллион сўмлик, хусусан, саноатда 302 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 166 та, қишлоқ хўжалигида 66 та, жами 501 та лойиҳани амалга ошириш, 40 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш белгилаб олинган.
Айниқса, юқори салоҳиятга эга бўлган тўқимачилик, қурилиш материаллари, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш драйвер соҳаларига айланмоқда. Жумладан, энг кўп – 186 та лойиҳа трикотаж, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида амалга оширилади.
– Корхонамизда ишлаб чиқариш жараёнлари босқичма-босқич ишга туширилмоқда, – дейди Асака туманидаги “Асакатекстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдувоҳид Абдуллаев. – Айни кунда ип-йигирув, матони бўяш, трикотаж ва сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаларимизда 1 минг 200 нафардан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Маҳсулотларимиз асосан экспорт қилинади. Корхонамизда ўтган йили Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига 8,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда экспорт ҳажмини 36 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.
Вилоятнинг драйвер соҳалардан бири текстиль тўқимачилик саноати бўлиб, ана шу йўналишда фаолият олиб бораётган 13 та пахта-тўқимачилик кластер корхоналаридан учтасида ўтган йили хом-ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараён яратилди. Жорий йилда уларнинг сони олтитага етказилади.
Пахтаобод туманининг Дурдиёр маҳалласида 55 гектар тошлоқ ер майдонида тўқимачиликка ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилмоқда. Мазкур тўқимачилик саноат зонасини зарур инфратузилма билан таъминлаш учун 65 миллиард сўм бюджет маблағи йўналтирилади. Ҳудудларга инвестицияни жалб қилиш ва ўзлаштириш бўйича янгича тизим асосида барпо этилаётган ушбу саноат зонасига тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 18 та лойиҳа жойлаштирилиб, ишга туширилади.
Маҳаллий тадбиркорлар иштирокида тузилган “Холдинг компанияси” томонидан лойиҳаларни амалга ошириш учун 163 миллион доллар инвестиция йўналтирилади. Натижада 5 мингта янги иш ўрни, йилига 75 миллион доллар миқдордаги маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Бу ерда тайёрланган маҳсулотларнинг камида 50 фоизи экспортга йўналтирилади. Умуман, вилоятда янги лойиҳаларни ишга тушириш, хусусан, саноат, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида олиб борилаётган юқоридаги каби ишларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Энг асосийси ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринлари яратилиб, одамлар доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.
Вилоятда бугунги кунга қадар умумий қиймати 759,1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 141 та лойиҳа ишга туширилиб, 7 мингга яқин янги иш ўрни яратилган. Умуман, жорий йилда барча лойиҳаларни амалга оширилиши ҳисобига йилига 3,5 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади, 681 миллион долларлик экспорт қилиш имконияти, 568 миллиард сўм миқдорида бюджетга соф тушум захираси яратилади, 20 хил турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади, 75 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади.
Ҳар бир киши ўз уйи бўлишини истайди
Ҳар бир инсон, айниқса, ўзбек халқи учун бошпана, уй-жой қилиш энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, Президентимизнинг арзон уй-жойлар қуриш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ташаббуси андижонликларни қувонтиради. Чунки уй-жой масаласи вилоятдаги энг долзарб масалалардан биридир. Вилоятнинг аксарият ҳудудларида бир ҳовлида иккита, учтадан оила яшайди. Ҳатто, кўп қаватли уйга иккита келин туширган оилалар бор. Бу албатта, оилавий муносабатлар, турмуш тарзи билан боғлиқ қатор муаммоларни юзага келтиради. Вилоятда кейинги йилларда кўп қаватли уйлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эса ана шу муаммоларни, кишиларнинг биринчи галдаги эҳтиёжларидан бири уй-жой масаласини ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, Андижон вилояти мамлакатимиздаги ҳудуди жиҳатидан энг кичик, аҳолиси эса энг зич яшайдиган вилоят ҳисобланади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Андижон вилояти республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолиси эса 10 фоизини ташкил этади. Шу боис ҳам, вилоятда ернинг ҳар бир қарич майдонидан унумли ва оқилона фойдаланиш талаб этилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев аввалги йилларда Андижон вилоятига ташрифи чоғида ана шу жиҳатни ҳисобга олиб, қолаверса, экин майдонларини камайтирмаслик мақсадида вилоятнинг адир зоналарида арзон, кўп қаватли уйлар қуриш ва шу орқали тобора ўсиб бораётган аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида қатор вазифалар белгилаб берган эди.
Ана шу вазифалар ҳамда ҳукуматимизнинг тегишли қарорларидан келиб чиқиб 2018-2022 йилларда вилоятдаги 37 та йирик шаҳар, шаҳарча ва аҳоли пунктларининг бош режалари, лойиҳаларини ишлаб чиқилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар 25 та шаҳар, шаҳарча ва бошқа аҳоли пунктлари бош режалари ишлаб чиқилди. Ана шу режаларга асосан, адир зоналарида, қулай, замонавий ва барча қулайликларга эга кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда.
Ўтган йили Хўжаобод тумани Иттифоқ массивидаги адир зонасида асосан 2 ва 3 хонали кўп қаватли, арзон уйлар қурилди. Барпо этилган уйлар биринчи навбатда уй-жойга муҳтож аҳоли вакилларига, кам таъминланган оилалар, ногиронларга ажратилди. Умуман, 2021 йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида “Янги тартиб” асосида вилоятда жами 5 минг 83 хонадонли 183 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиб, 15 минг нафардан зиёд аҳоли уй-жой билан таъминланмоқда.
2022 йилда вилоят бўйича жами 5 минг 526 хонадонли 216 та кўп қаватли уй-жой қурилмоқда. Кўп қаватли уйларнинг аксарияти Андижон шаҳрида барпо этилмоқда. Ҳозирга қадар 13 та уй қуриб битказилди. Жорий йил якунига қадар барча уйлар фойдаланишга топширилади. Вилоятда жорий йилда уй-жой сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш ва қайта қуриш учун 3 минг 500 нафар фуқарога 982 миллиард сўм кредит ажратилиши режалаштирилган. Бугунги кунда 1 минг 783 нафар фуқарога 350,3 миллиард сўм ипотека кредити ажратилди. Бундан ташқари, ана шу мақсадлар учун Давлат хизматлари агентлиги томонидан 2 минг 412 нафар фуқарога субсидия олиш учун ижобий хулоса берилган. Бугунги кунга қадар уларнинг 288 нафарига 9,2 миллиард сўм субсидия ажратилиб, ана шу фуқаролар уй-жой билан таъминланди.
Вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ўтган йили Андижон тумани адирликларида 440 минг нафарга яқин аҳоли яшаши мумкин бўлган Янги Андижон шаҳрини барпо этишга киришилди. Умумий майдони 4 минг гектарни ташкил этадиган шаҳарнинг 1 минг 144 гектар майдонида турар-жойлар қад ростлайди. Шунингдек, 215 гектар майдонда савдо, 240 гектарда хизмат кўрсатиш, 76 гектарда саноат, 1 минг 942 гектар майдонда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Бундан ташқари, 364 гектар майдон йўллар ва бошқа инфраструктура объектларидан иборат бўлади.
“Янги Андижон” лойиҳаси бир неча босқичда амалга оширилади. Қурилиш ишлари жадал суратлар ва илғор технологиялар асосида олиб борилмоқда. Ҳозирда 1 минг 962 хонадонли 74 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 320 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, поликлиника, шунингдек, “Бест-инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2 мингта иш ўрнига эга текстиль фабрикаси қурилмоқда. Айни пайтда шаҳарнинг ирригация тизими, коммуникация тармоқларини яратиш, ичимлик сув, электр таъминотини, шунингдек, Туркиянинг “ArcCon” компанияси билан ҳамкорликда Янги Андижон ва Андижон шаҳри ўртасига тезюрар автобус қатновини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Бош режага асосан, Янги Андижон шаҳрида бокс академияси, олий таълим муассасаси қурилиши бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
– Халқимиз қалбидаги эзгу мақсадларни амалга ошириш учун меҳнат қилади, фарзандларига тўй, уй-жой қилиш орзуси билан яшайди, бу ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмунига айланган ҳақиқат, – дейди Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктамжон Охунов. – Юртбошимиз ташаббуси билан бугун арзон уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бутун халқимиз, айниқса, андижонликларнинг дилидаги орзулари ижобати, десам асло муболаға бўлмайди. Юртдошларимизнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бу каби хайрли ишлар шубҳасиз, уларнинг Президентимизга, давлатимизга ишончини, эртанги кунга умидини янада мустаҳкамлайди.
Андижонда туризм янада ривожланади
Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда кенг кўламли ишлар, истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ички туризмни ривожлантириш доирасида “Буюк ипак йўли” бўйлаб вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 583 та хизмат ва сервис объектлари ишга туширилди. Бундан ташқари, сайёҳларга қулайлик яратиш, вилоят бўйлаб қулай жамоат транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ўтган йили Хитой давлатидан 66 дона замонавий автобус ва 15 дона микроавтобуслар олиб келиниб, асосан туризмга мос йўналишларга қўйилди. Ўтган йили вилоятда 9 та туризм йўналиши бўлган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 15 тага етди, 5 та этнотуризмга мослашган янги маршрутлар ишлаб чиқилди. Ана шу ишлар самараси ўлароқ, йил бошидан буён Андижон вилоятига 907 минг 500 нафар сайёҳ ташриф буюрди.
Вилоятга ўтган йили 80 минг нафар хорижий, 300 минг нафар маҳаллий туристлар келган бўлса, жорий йилда хорижий сайёҳлар ташрифини 90 минг нафарга, ички туризм бўйича келувчилар сонини 450 минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун ҳозирда 510 ўринли 5 та меҳмонхона, 30 та меҳмон уйи ташкил этилаётир.
– Вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун туризм инфратузилмасини яхшилаш, туризм объектларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, туризм бошқармаси бошлиғи Азизбек Максумов. – Бунинг учун бугунги кунда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Кейинги беш йилда вилоятда меҳмонхоналар сони 10 тадан 22 тага, туроператорлар сони 9 тадан 46 тага кўпайди. Шунингдек, вилоятда 69 та меҳмон уйи, 10 та хостел ташкил этилди.
Марҳамат туманида лойиҳа қиймати 52 миллиард сўм бўлган “Буюк маскан” дам олиш комплекси, Хонобод шаҳрида лойиҳа қиймати 32 миллиард сўм бўлган “Афсона-2” дам олиш маскани ҳамда Қўрғонтепа туманидаги Жаннатбулоқ маҳалласида сайёҳларга хизмат кўрсатадиган йирик дам олиш маскани фойдаланишга топширилди.
– Умумий майдони 8,5 гектар бўлган дам олиш масканимиз ҳар қандай сайёҳга манзур бўлади, – дейди Марҳамат туманидаги “Буюк маскан” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акмалжон Нурматов. – Дам олиш масканимиз бир вақтнинг ўзида минг нафардан зиёд кишига хизмат кўрсатади. Бу ерда меҳмонхона, чойхоналар, қорақалпоқ, қирғиз ўтовлари, спорт майдонлари, бар, кафе, шаршара, манзарали йўлаклар барпо этилди, чархпалак, ўндан ортиқ аттракционлар ўрнатилган. Маскан марказида кўл яратилиб, ўртаси оролча қилинган. Оролчада музқаймоқ хиёбони ташкил этилди. Кўлда сайр қилиш учун қайиқ-катамаранлар келтирилди.
Вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш, хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш мақсадида Андижон шаҳрида “ҳафтасига 7 кун, 24 соат” режимида ишловчи “Туризм кўчаси” ташкил этилди. Лойиҳага кўра, мазкур кўчада янги туризм объектлари, туризм хизматлари, ҳунармандчилик савдо нуқталари, пул айрибошлаш шохобчалари, “street art” ва “street music” хизматлари ташкил этилди.
Айниқса, Хонобод шаҳрида туризмни ривожлантириш, Хонободни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Лайф Хонобод” инвестиция ва туристик лойиҳаси доирасида 1-босқичда "Вотер Лайф Минерал" масъулияти чекланган жамияти томонидан қадоқланган минерал сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Айни пайтда Хонобод шаҳридаги “Фозилмон ота” зиёратгоҳида сайёҳ ва зиёратчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, Кампирравот маҳалласида бўш турган 66 гектар майдонда умумий қиймати 35 миллион долларга тенг лойиҳа доирасида “Сунъий кўл”, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, шунингдек, оилавий меҳмон уй, экотуристик масканлари барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ишлар амалга оширилиши билан келгусида Хонободда йилига 1,8 миллион нафар сайёҳнинг дам олиши учун имкониятлар яратилади.
Хонободда жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 10 га яқин дам олиш масканлари фойдаланишга топширилди.
Мухтасар айтганда, жорий йил якунига қадар вилоятда туризм йўналишида умумий қиймати 392 миллиард сўмга тенг 44 та янги лойиҳа ишга туширилади, натижада 1 минг 300 та янги иш ўрни яратилади.
Юртимиз ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлардан андижонликлар беҳад хурсанд. Андижонда қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашмайлик, қалбида обод юртга бўлган меҳр, унинг юксалиб, янада тараққий этиб бораётганлигидан фахр-ифтихор туйғулари жўш ураётганлигини гувоҳи бўлдик. Кундан кунга чирой очиб, юксалаётган Андижон шубҳасиз, юртимизнинг гўзал масканларидан бирига айланади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА