Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда чоп этилган «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китоби мамлакатимиз бугуни ва эртаси билан боғлиқ натижа ва мақсадлар мужассам бўлган асар сифатида ўқувчида ўзгача таассурот ҳосил қилади.
Асарда Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни қуриш бўйича қилинаётган ишлар ва миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилади.
«Янги Ўзбекистон стратегияси», «Халқпарвар давлат», «Миллий иқтисодиётни ривожлантириш», «Адолатли ижтимоий сиёсат», «Маънавий тараққиёт», «Хавфсизлик ва ташқи сиёсат», «Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар» деб номланган 7 та бўлимнинг ҳар бирида мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва мақсади ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида сўз боради.
Китоб ҳар бир ўқувчида янги Ўзбекистоннинг замонавий, демократик қиёфаси қандай яратилаётгани, мамлакатни янги ривожланиш босқичига кўтариш учун белгилаб олинган стратегик йўл тўғрисида умумий, яхлит тасаввур уйғотади. Асарнинг ҳар бир бўлимида барча йўналишлар бўйича эришилган самарали натижалар ҳамда келгусида кўзланаётган мақсадлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ҳар бир фуқарони эзгу ташаббуслар билан ишлашга ундайди, янги, илғор ғояларни илгари суришга, ўзи учун, она юрти, халқи учун янада серғайрат бўлиб ҳаракат қилишга чорлайди.
“Айни вақтда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутмоқда. Халқимизнинг ана шундай ишончи ва орзу-ниятлари, эзгу умидларини рўёбга чиқариш мақсадида юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтириш, Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик” дейилади китобнинг кириш қисмида.
Дарҳақиқат, давлат раҳбари илгари сураётган Янги Ўзбекистон стратегияси ҳар бир жабҳани қамраб олган ҳолда мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришга, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтириш ва мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Китобда Янги Ўзбекистон орзуси ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилган. “Янги Ўзбекистон – барчамизнинг эзгу орзумиз, меҳнаткаш, тинчликсевар халқимизнинг орзуси! Унда халқимизнинг азалий умид-ниятлари, юксалиш сари интилишлари ўзига хос тарзда акс этмоқда”, дейилади.
«Янги Ўзбекистон стратегияси» китобида соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спорт йўналишида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар хусусида ҳам атрофлича сўз боради. Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш долзарб вазифаларимиздан эканлиги қайд этилган. Кейинги икки йилда мамлакатимизда спорт билан шуғулланаётганлар сони икки баробар ошгани, юртимиз спортчилари халқаро мусобақаларда мингдан ортиқ медаллар, шу жумладан, 400 та олтин медални қўлга киритгани алоҳида эътироф этилган.
Маълумки, Осиё олимпия кенгаши томонидан 2025 йилда ёшлар ўртасида Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган. Айни пайтда ушбу катта тадбирга тайёргарлик бошлаб юборилган. Китобда бу борада ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Дарҳақиқат, бу каби йирик спорт мусобақаларини ўтказиш учун зарур инфратузилма, шарт-шароит мавжуд бўлиши керак. Бу борада бизнинг мамлакатимиз танлангани бежиз эмас. Зеро, ушбу қарор ҳам юртимизда спортга, ёшларга қаратилаётган эътибор натижасидир.
Шунингдек, асарда таълим ва тарбия, ижтимоий соҳадаги саъй-ҳаракатлар, маънавият масалаларига алоҳида урғу берилган. Хусусан, муаллиф таълим тўғрисида тўхталар экан, “Ривожланган давлатлар таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврида унинг тарбиясига сармоя сарфлашга алоҳида эътибор қаратади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда беради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади. Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларимизни сафарбар этишимиз шарт”, деб ёзади муаллиф.
Дарҳақиқат, бугун таълимга берилаётган эътибор яқин келажакда ўз мевасини бериб, мамлакат тараққиётини таъминлашга хизмат қилади. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳали етарли эмаслиги, бундан-да катта марраларни кўзлаб ҳаракат қилиш борасида режалар қилинмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбари аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси муттасил ошириб борилишини, бунинг учун олий таълим муассасалари сони 200тага етказилишини қайд этган. Шунингдек, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий таълим олиш имкониятлари кенгайтирилиши, босқичма-бочқич масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши таъкидланган. Бу имкониятларнинг яратилиши, албатта, олий таълим олиш истагидаги минглаб фуқароларга қулайлик туғдиради ҳамда соҳа ва тармоқларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш даражасини оширади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китоби мамлакатимиз истиқболидаги юксак тараққиёт кўзланган стратегик йўл, янги Ўзбекистоннинг замонавий, демократик қиёфаси ўз аксини топган яхлит асардир. Бугунги кунда ушбу асар олий таълим муассасаларида, шу жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам кенг ўрганилмоқда. Ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.
«Янги Ўзбекистон стратегияси»ни мутоала қилар экансиз, Ватан олдидаги бурч ва масъулиятингизни теран ҳис қилиб, шижоат билан ҳаракатга тушиш, мамлакат равнақи учун муносиб ҳисса қўшиш иштиёқи пайдо бўлади. Аслида ҳам ҳар биримиз ўз соҳамиз, касбимиз билан юртимиз бугуни ва эртаси учун камарбаста бўлмоғимиз лозим. Янги Ўзбекистон қиёфасини яратиш, самарали натижаларни мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларнинг ҳар бир босқичида фаол иштирокчи ҳамда кўмакчи бўлишимиз зарур. Албатта, бу зиммамизга улкан масъулият юклайди. Ўз фаолиятимизга нисбатан танқидий ва таҳлилий назар билан қарашни, янада ўз устимизда ишлашни, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суришни, ҳар бир соҳада инновацион ёндашувларни амалга оширишни тақозо этади. Ана шундагина кўзланган юксак мақсадларга эришамиз, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни қуришга қодир бўламиз.
Сойиб Тожибаев,
ЎзДЖТСУ Паралимпия факультети декани,
педагогика фанлари доктори (DSc), профессор