Юксак натижа – ўзаро ҳамкорлик маҳсули
Муносабат
Бугун мамлакатимизда барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, кенг аҳоли қатлами орасида спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, салоҳиятли, ўз кучига ишонган иқтидорли ёшларни тарбиялаш, уларга муносиб шарт-шароит яратиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани ва бу борада етарлича маблағлар ажратилаётгани айни ҳақиқат.
Бу куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидланди. Охирги беш йилда спортни ривожлантиришга қарийб 4 триллион сўм йўналтирилиб, 118 та янги спорт иншоотлари фойдаланишга топширилди. 110 га яқин объектлар таъмирланди. Жорий йилда спортга 2 триллион 300 миллион сўм, шундан спорт таълим муассасаларига 1 триллиондан зиёд маблағ ажратилди.
Илк бор барча маҳаллаларда ёшлар етакчилари, жисмоний тарбия ва спорт ўқитувчилари, болалар ўсмирлар ва спорт мактаби мураббийларини жалб этган ҳолда беш босқичдан иборат янги мусобақалар туркуми бошланиб, унда 3 миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинди. Шунга қарамай спортдаги натижалар яратилган шароитларга тўла мос эмаслиги куюнчаклик билан кўрсатиб ўтилди.
Энг муҳими, спорт таълим муассасалари ўртасидаги узвий ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани ва яхлит тизимнинг мавжуд эмаслиги жаҳон спорт ареналарида ва нуфузли мусобақаларда маҳоратли спортчиларимизнинг зафарли одимлари пасайишига олиб келмоқда. Шу ўринда бир ҳақиқатни тан олиш жоизки, халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спортчиларимизга яратилаётган муносиб шароитларга қарамасдан нуфузли мусобақаларда саноқли спортчиларгина фахрли ўринларни эгалламоқда.
Энг катта муаммо жамоавий мусобақаларда спортчиларимизнинг қуп-қуруқ қайтиб келишидир. Республикадаги олимпия захиралари коллежлари, ихтисослаштирилган олий маҳорат мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ўртасидаги узвийликнинг йўқлиги йиғилишда асосли равишда танқид қилинди.
Йиғилиш давомида Президентимиз томонидан спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши алоҳида кўрсатилди. Бу тизим ёшларни спортга жалб этиш, иқтидорли спортчиларни танлаш, саралаш, излаш ва катта спортга ошно этиш йўлидаги янгича ёндошувнинг намунаси ҳисобланади.
Бухоро вилояти мисолида ҳар бир маҳаллаларда ўтказиладиган мусобақалар мавсумий тақвим (апрель-июнь, сентябрь-декабр) асосида ўтказилади ва Ёшлар етакчилари томонидан электрон рўйхатга олинади. Болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг спорт турлари бўйича малакали тренерлари салоҳиятли спортчи ёшларга бириктирилади ва улар саккиз ойгача бепул шуғулланади.
Мазкур жараёнда сараланган энг иқтидорли спортчи ёшлар спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган мактабга қабул қилинадилар. Шу тахлид нафақат шаҳарда, балки чекка-чекка қишлоқларда спорт билан шуғулланишни ўзига мақсад қилган иқтидорли, кўзи чақнаб турадиган спортчилар сараланади. Яна бир қувонарли ҳолат, спорт мактаби тренерларининг иш ҳақи 35 фоизга, яхши натижа кўрсатган мактаб директорлари, тренерлар ва мутахассислар ойлигига 50 фоиз, худудий чемпионатларда ғолиб спортчиларни тайёрлаган мураббийларга 5 фоиз, республика чемпионатларида ғолибларни тайёрлаганларга 20 фоиз устама ҳақ берилиши алоҳида кўрсатилди.
Президентимиз томонидан яратилаётган шароитларга муносиб тарзда соҳада фаолият кўрсатаётган барча мутахассислар ўз фаолиятимизни қайта таҳлилдан ўтказиб, икки муҳим йўналишда ҳамкорликни тизимли асосда ташкил этишимиз мақсадга мувофиқ.
Биринчиси, республикамиздаги барча спорт таълим муассасалари (ОЗК, БЎСМ, ИБЎСМ) билан ҳамкорликни янгича услубда йўлга қўйишимиз, олимпия захиралари коллежини битираётган иқтидорли, салоҳиятли битирувчиларни олий таълимга йўналтиришимиз керак.
Иккинчиси, университет худудидаги маҳаллалар билан ҳамкорликни янада кучайтириб, йиғилишда кўрсатилган тизим асосида мусобақаларни ташкил этишимиз, иқтидорли ёшларни спорт турлари бўйича алоҳида гуруҳларга ажратишга яқиндан кўмаклашишимиз шарт. Агар биз мазкур тизимдаги ҳамкорликни намунали тарзда йўлга қўя олсак, тез фурсатда яхши натижаларга эриша оламиз.
Шавкат АБИДОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний
тарбия ва спорт университети
“Футбол назарияси ва услубияти”
кафедраси мудири, доцент
ЎзА