Юксак минбардан янграган юксак ғоялар
Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари бўлиб ўтган эди. Унда нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигига эътибор қаратганди.
Президентимиз нуқтларида кейинги йилларда Ўзбекистондаги ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди:
“Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда.”
Ушбу фикрларга теранроқ қарайдиган бўлсак, ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам юксак маърифатсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Бугун мамлакатимизда давлат ўз олдига қўйган марраларга эришиш учун маърифат тарғиботига катта эътибор берилмоқда.
Биз аввало шуни унутмаслигимиз керак-ки, адолат давлатни юзини очадиган, обрўсини оширадиган муҳим омиллардан биридир. Судьянинг ҳар бир чиқарган қарори Ўзбекистон Республикасининг номидан деб ёзилади. Агар у қарор адолатсиз бўлса, ўз давлатимизга зарар етказилган ҳисобланади. Ушбу ҳолат биз судьяларга ниҳоятда катта масъулият юклайди.
Давлатимиз раҳбари ушбу юксак минбардан туриб адолат ва инсонпарварлик каби ғоя ва ташаббусларни илгари суриши, адолат ва инсонпарварлик ҳар қандай давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиши лозимлигини англатади. Зеро, судьяларнинг ҳам энг катта вазифаси жамият ҳаётида адолат ва инсонпарварликни таъминлашга кўмаклашишдир.
Зокир Худойқулов,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси
Шерзод Жамолов,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси
ЎзА