Юксак марраларга эришиш йўлидаги ҳаракатлар бошланган
Пойтахтимиздаги олимпия захиралари коллежида сузиш бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳридан спортчилар совринли ўринлар учун баҳс юритишмоқда.
Мусобақанинг ортда қолган эркаклар ва аёллар ўртасида 50 метрга брасс, баттерфляй, 200 метрга эркин ва чалқанча, 4х100 метрга комплекс усулда сузиш дастурларида баҳслар бўлиб ўтди. Ғолиблар аниқланди.
50 метрга брасс усулда сузиш баҳсларида жиззахлик Владислав Мустафин 28.13 натижа билан 1-ўринни эгаллаган бўлса, маскур йўналишнинг баттерфляй усулида андижонлик Элдорбек Усмонов 24.06 натижа қайд этди. Худди шунингдек, бошқа йўналишларда ҳам бир қатор спортчиларимиз ғолибликка эришди.
Сузиш спорт тури бўйича вакилларимизнинг эришган натижалари аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан бир мунча яхшиланганлигини эътироф этган ҳолда ҳали халқаро майдондаги белгиланган марраларни эгаллаш йўлида сузиш спорт тури мутахассис ва мураббийлари анча меҳнат қилмоғи, спортчиларимиз эса шижоат кўрсатмоғи лозим, назаримизда.
Муҳими, мазкур мусобақа давомида унинг техник томонларини халқаро талаблар даражасида ўтказишга эътибор қаратилганлиги, спортчиларнинг натижаларини баҳолаш тизимидаги янгиланишлар юксак марраларга эришиш йўлидаги ҳаракатлар бошланганидан далолат бермоқда.
Ўзбекистон кубоги баҳсларининг қолган йўналишлардаги ғолиб ва совриндорлар номи бугун маълум бўлади.
Т. Рўзиев,
ЎзА