Спорт – инсон саломатлигини мустаҳкамловчи, уни ҳар томонлама чиниқтириб, жисмоний имкониятини юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим омиллардан бири.
Ҳарбий хизматчилар учун эса спорт жанговар хизмат вазифаларини самарали бажаришга кўмаклашувчи, мустаҳкам ирода, енгилмас куч-қудрат ва сабот манбаи ҳисобланади.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳам сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш билан бирга, кўплаб спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келаётганлари сабабли, мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсда ўтказилаётган мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Хусусан, жорий йилда Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл шаҳрида спортнинг “Универсал жанг” тури бўйича Осиёнинг 6 та давлатидан жами 360 нафардан ортиқ спортчилар ўзаро беллашган “Осиё кубоги” баҳсларида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари муносиб иштирок этди.
Мусобақалар давомида спортчиларимизнинг юксак иқтидори ва маҳорати, мураббийлари билан бирга ўтказган тинимсиз машқлари ўз сўзини айтиб, III даражали сержант С. Холматова 57 кг вазн тоифасида ҳар иккала “классик” ва “лайт” йўналишларида ҳам чемпионлик шоҳсупасидан жой олди. Контракт бўйича оддий аскарлар М. Қаюмов 90 кг, Х. Лолаев 85 кг ва С. Маҳмудов 70 кг вазн тоифасида “лайт” йўналишида олтин медаль билан тақдирланди.
Қувонарлиси шундаки, мазкур мусобақада тажрибали спортчилардан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
– Бундай юқори натижага фақат тинимсиз меҳнат ва машқлар ёрдамида эришиш мумкин. Чунки, бошқа давлатлар вакиллари ҳам жуда кучли бўлгани учун мусобақалар ниҳоятда шиддатли кечди. Финалда рақибларимни қийинчилик билан бўлса-да енгиб, “классик” ва “лайт” йўналишларида ғолибликни қўлга киритдим. Биринчи бўлиб онамга қўнғироқ қилдим ва ғалаба қозонганимни айтдим. Давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида эса қалбимдан кечган ҳисларни сўз билан ифодалаш қийин. Бугун биз спортчиларга яратилаётган шароитлар ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, жангларда юқори натижаларга эришишга ва ҳамиша зафар қучиб қайтишга ваъда берамиз, – дейди III даражали сержант Сабоҳат Холматова.
Албатта, Ватанимиз байроғини юксакларга кўтараётган бундай маҳоратли спортчиларимизнинг эришаётган ютуқлари уларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари қаторида барчамизга юксак фахр ва ифтихор бағишлайди.
Майор Фарида Бобожонова
ДХХ Чегара қўшинлари