Юбилей шодиёнаси давом этмоқда (+видео)
ЎзА аввал хабар берганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан жорий йил 31 октябрь – 3 ноябрь кунлари юртимиз бўйлаб Республика туркман маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Байрам тадбирларида иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган Туркманистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ижрочи котиби Чинар Рустамова бошчилигидаги делегация, дастурга мувофиқ, Тошкентдаги Маҳтумқули барельефига гул қўйиш маросимида иштирок этди. Шунингдек, пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида “Миллий қадриятларимиз – миллий фахримиз” шиори остида кўргазма, “Ўзбекистон – тинчлик ва дўстликни тараннум этган юрт” номли гала-концерт ташкил қилинди.
Мажмуага кираверишда тайёрланган кўргазма юртимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар фаолияти, турли миллатларнинг бой, бетакрор маданияти, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берди. Турли миллатларга мансуб либосдаги ёшлар йиғилганларга кўргазма бўйича батафсил маълумот берди.
[gallery-9409]
Саройнинг катта залида ташкил этилган концерт бошланиши олдидан сўзга чиққан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов Республика туркман маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан йўлланган Ўзбекистон ҳукумати табрикномасини ўқиб эшиттирди. Қутловда ўзбек ва туркманларнинг бир-бирига уйғун ўтмиши ва бугуни, халқларимиз орасидаги мустаҳкам алоқалар, тарихнинг турли босқичларида ўрнатилган турли соҳалардаги ҳамкорлик элларимизга ўзлари танлаган йўлдан муваффақиятли бориш имконини бериши қайд этилган.
– Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатини юқори баҳолайман, – деди Туркманистон делегацияси раҳбари, ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия ижрочи котиби Чинар Рустамова. – Икки мамлакат ўртасида турли соҳалар, жумладан, маданий йўналишидаги ҳамкорлик кейинги йилларда жадал ривожланди, бунда халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этади.
Байрамона концерт дастурида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг таниқли санъаткорлари, миллий маданий марказлар ҳаваскорлик жамоалари ижросида турли халқлар куй-қўшиқлари, рақслари янгради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bmQV4fXHmuw" title="Юбилей шодиёнаси давом этмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев,
Даврон Эрназаров (фото),
Ёқуб Мелибоев (видео),
ЎзА