Ёзёвоннинг Гассон маҳалласига бориб, Муборакхон ва Исроилжон Акбаровларни сўрасангиз, “ҳа, пиллачиларми?” деб ўзингизга мурожаат қилишади. Бу бежиз эмас, албатта. Эр-хотин – Муборакхон ва Исроилжонлар қурт уруғи парваришлаш, пилладан мўл ҳосил етиштиришнинг “пири” бўлиб кетишган. Атроф- маҳалла, қишлоқлардан ҳам бу хонадонга келиб маслаҳат сўрашади. Ўн йилларки, хонадон мамлакатда биринчилардан бўлиб, ҳосил йиғишга киришади. Бу йил ҳам шундай бўлди.
– Ўттиз йилдан буён ипак қурти тутамиз. Бу йил 4 қути қурт уруғи олгандик. Худо хоҳласа, 2500 кило пилла топширамиз, – дейди Исроилжон Акбаров.
– Ишқибозлик билан тутамиз қуртни. Қийинчилик йўқ. Ҳар йили мукофот оламиз, – дейди Муборакхон Акбарова.
Бугун эрталаб Гассон маҳалласидаги бу хонадон яна гавжум бўлди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ йиғилди. Ҳосилга барака тилаб дуои фотиҳа қилдилар. Шу паллада вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари ҳам келиб қолишди. Пилла билан танишгач, ҳоким оила бошлиқларига астойдил меҳнатлари учун миннатдорлик билдирди ва уларнинг ҳар бирига совғалар тақдим этишди.
[gallery-23164]
–132 минг қурт боқувчи касаначилар билан шартнома тузганмиз. Бу йил пилла ҳосили мўл, – дейди Фарғона вилояти “Агропилла” раҳбари Аҳроржон Фозилов. – Ҳар йилгидек об-ҳаво исиб кетмади, қуртлар заҳарланмади. Қолаверса, қурт боқувчилар сони йилдан- йилга кўпаймоқда. Икки қути қурт парваришлаган оила бир ойда 8-10 миллион сўм даромад топяпти. Президент қарорига кўра, бир ой пилла етиштирган шахсга бир йиллик иш стажи ҳисобланади.
Фарғона вилоятида 3600 гектар тут плантациялари бор. Озуқадан муаммо бўлмади. Ҳамма ерда ҳосил мўл. Масалан, биргина Ёзёвон туманида 2145 қути ипак қурти парваришланди. Қурт 1500 та хонадонга тарқатилган эди. Шартнома режа 129 тоннани ташкил этади. Аммо мўлжал 135 тоннадан кам эмас. Қолаверса, бу йил Ёзёвонда синовдан ўтган плёнка остида қурт боқиш усули қўлланди.
– Плёнканинг афзаллик томони шундаки, барг тежалади, ипак қуртларига етарли даражада иссиқлик етказиб беради, касалликнинг олдини олади, – дейди Ёзёвон тумани “Агропилла” раҳбари Ойшахон Иброҳимова. –Шунинг учун бизда пилла етиштириш доим республикада биринчи бўлади. Ҳар йили туманимизга бир миллион тупдан зиёд тут кўчати экамиз. Шунинг учун бизда озуқа муаммоси бўлмайди.
Яна рақамларга тўхталсак, бу йил Фарғона вилоятида 46436 қути ипак қурти боқиляпти. 2786 тонналик ҳосил уйиш режа қилинган. Бу эса 2017 йилга нисбатан 800 тонна кўп бўлиб, ҳар қутидан ўртача 60 килограмм деганидир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/16ccMJCsG8M" title="Yozyovonda pilla terimi boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,Элёрбек Олимов (видео, сурат), ЎзА