Ёзёвонда пахтадан 60 центнердан ортиқ ҳосил олинмоқда
Фарғона вилоятида янгича ёндашувлар асосида пахта ҳосилдорлигини ошириб, ўзига хос тажриба мактабини яратган фермер хўжаликлари кўп. Ёзёвон туманидаги “Мезон" фермер хўжалиги шулардан биридир. Айни кунларда фермернинг пахтадан юқори ҳосил олиш тажрибаси кенг ўрганилмоқда. Фермер хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришишнинг сири нимада?
Асосан гектарига 200-250 минг туп кўчат қолдирилишида. Бу тажриба хўжаликда иккинчи йил қўлланиляпти. Марказий Фарғона чўлидаги ерлар бундан беш-ўн йиллар илгари чорва фермерига қарашли бўлиб, чимзор эди. Ер қумлоқ бўлиб, бонитети ҳам 40 балл атрофида.

Янги усул – кўчат сонини кўпайтириш билан ҳар томонлама иқтисод қилинади.Биринчидан ягана қилинмайди, бир гектарда икки гектарнинг ҳосили етиштирилади. Ўз-ўзидан ўғит иқтисод қилинади, чеканка қилинмайди. Бир теримда ҳосил йиғиштирилади. Иккинчи теримга ҳожат қолмайди.
Жорий йилда фермер хўжалигида 48 гектар майдонда С-8290, 18 гектар майдонда янги С-6570 навли пахта ҳар гектарда 220-250 минг туп кўчат билан етиштирилди. Янги усул ўз самарасини бериб, далаларда ҳосилнинг чўғи баланд бўлди.
Вилоятдаги туманлар ҳокимлари, соҳа мутахассислари ва фермерлар мазкур фермер хўжалигидаги иш жараёни билан танишди.

– Бу фермер хўжалиги тажрибасининг тарғиб қилишдан асосий мақсад манфаатдорликни ошириш, –деди вилоят ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. –Илгарилари 30 центнердан пахта олиш катта иш эди. Энди у замонлар ўтди. 35 центнердан ҳосил олиб, гектаридан беш миллион сўм даромад қилгандан, 50-60 центнердан пахта олиб, 30 миллиондан даромад қилиш албатта яхши. Ернинг ёмони йўқ. Илм, тажриба билан ишлаш вақти келди.

Фермер Воҳиджон Обидов тажрибаси билан ўртоқлашди, саволларга жавоб берди.
– Ўтган йили бу фермер хўжалиги тажрибасини ўрганиб, бу йил уни ўзимизда тарғиб қилдик, – дейди Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев. – Шу усулда деҳқончилик қилган фермеримиз 60 центнердан ҳосил олишни кўзлаяпти.
Мазкур тажрибадан келиб чиқиб, бу йил Ёзёвон туманида 1,5 минг гектардан ошиқ майдонда янги усулда пахта етиштирилди. Келгуси йилдан “Мезон" тажрибаси вилоят бўйлаб оммалаштирилади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири