Ёзувчилар уюшмаси мактабга китоблар совға қилди
Самарқанд вилоятининг олис қишлоқлардан бири – Накуртдаги 40-умумий ўрта таълим мактабига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 500 дан ортиқ бадиий адабиётлар совға қилинди.
Ушбу китобларни топшириш мақсадида мактабга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъуллари ва таниқли ижодкорлар келди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан ижодий учрашув ўтказилди.

– Баланд тоғлар, бепоён қир-адирлар орасидаги бу қишлоқ юртимизнинг энг гўзал масканларидан бири ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, шоир ва адиб Абдусаид Кўчимов. – Накурт жуда кўп олимлар, ижодкорларга бешик бўлгани билан ҳам юртимизга маълуму машҳурдир. Биргина қалами ўткир шоиримиз, маҳоратли журналист акамиз Азим Суюн мисолида айтадиган бўлсак, у киши бутун умр Накуртни мадҳ этиб, бу ердаги тоғлар каби салобат билан яшаб ўтди. Азим ака туфайли бу ерда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари суюкли шоир ва ёзувчилар иштирокида кўп ижодий кечалар, адабий суҳбатлар ўтказилган. Бу тадбирларнинг айримларида биз ҳам иштирок этганмиз. Бугун Азим ака орамизда бўлмасада бу адабий давралар у кишининг дўстлари, шогирдлари томонидан давом эттирилмоқда. Накуртдан яна кўплаб истеъдодли ижодкорлар етишиб чиқмоқда, улуғлар анъаналари давом этмоқда.

Учрашувда бугунги адабий жараёнлар, ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, жумладан, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Т.Тугалов мактаб жамоасига самарқандлик ижодкорларнинг китобларини совға қилди, истеъдодли ўқувчиларни уюшма вилоят бўлими қошидаги адабий тўгаракларга таклиф этди.
Тадбирда мактаб ўқувчилари ижодкорлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА