Ёзги таътилга қандай тайёргарлик кўрилди?
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Ёз фаслини болажонлар орзиқиб кутадилар. Сабаби, бу фасл уларнинг тўлақонли дам олиши, она-табиатдан завқланиши, вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай имкониятдир.
Уч ойлик таътил давомида ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ва самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан қандай тайёргарлик кўрилди?
Вазирлик ахборот хизмати ушбу мавзу юзасидан ЎзА мухбирига қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
Жумладан, ёз мавсумида оромгоҳлар фаолиятини йўлга қўйиш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш билан боғлиқ ташкилий жараёнларни мувофиқлаштириш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ҳудудий бошқармаларда “Ёз-2025” штаби ташкил этилди.
Жорий йилда вазирлик тизимидаги 5 та дам олиш масканига 1 миллион 400 минг нафар бола қамраб олиниши режалаштирилмоқда. Шунингдек, тажрибали ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда 47 та ихтисослаштирилган соғломлаштириш оромгоҳлари ҳам ташкил этилади.

“Ёз-2025” мавсумини мазмунли ташкил этиш мақсадида тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 553 нафар педагог кадрлар рўйхати шакллантирилиб, улар 36 соатлик махсус ўқув дастурлар асосида ўқитилди.
Оромгоҳ раҳбарлари, педагоглар ҳамда тўгарак раҳбарлари учун услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, электрон шаклда барча ҳудудларга етказилди.
Педагог ходимларнинг белгиланган тартиб асосида иш олиб боришлари учун намунавий иш режаси тайёрланди.
Шунингдек, дам олувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишини ташкил этиш учун 2 турдаги услубий қўлланма педагог ходимларга тарқатилди ва етказилди.
Шунингдек, станционар оромгоҳларга жалб этилмаган болалар учун жойларда (таълим муассасаларида) 1 минг 239 та соғломлаштириш майдончалари (бепул) ташкил этилади ва уларда 168 минг 574 нафар бола дам олдирилиши режалаштирилган.
Бу борада мавсум бошланишидан 10 кун аввал майдончалар маҳаллий ҳокимликлар ва масъул ташкилотлар билан биргаликда қайта кўриб чиқилади, уларнинг хулосасига асосан тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилади.
Шунингдек, оромгоҳларда таълим-тарбия ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратган ҳолда қуйидаги ишлар амалга оширилади.
Жумладан, болалар ўртасида китобхонлик маданиятини янада шакллантириш мақсадида оромгоҳларга 65 минг дона болалар адабиётлари етказиб берилади.
Соғломлаштириш майдончаларида ёзги таътилни мароқли ташкил этиш учун меҳнат таътилига чиқмаган 11 минг нафардан ортиқ педагог жалб қилинади.
Ушбу майдончаларда спорт, санъат ва IT йўналишларида тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади ҳамда болаларга мўлжалланган қизиқарли кино ва мультфильмлар намойиш этилади.
208 та “Турон” мактаб театри ва “Иқтидор” болалар ансамбли жамоаларининг театр ва концерт дастурлари уюштирилади.
Ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 219 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида 3 та йўналишдаги тўгараклардан иборат қисқа муддатли “Ижодкор болалар оромгоҳи” фаолияти йўлга қўйилади.
Мазкур йўналишдаги амалий чора-тадбирлар ўғил-қизларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши йўлидаги амалий ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири