Ёз болаларнинг севимли фасли. Бу даврда кимдир оромгоҳларга йўл олса, яна кимдир ота-оналари билан саёҳат қилади, яна кимдир шаҳарга, шаҳарда яшовчи болалар эса қишлоққа қариндошлариникига боришади. Хуллас, ҳар бир ёш бўш вақтини мазмунли ўтказишга ҳаракат қилади.
Жорий йил 15 май куни давлатимиз раҳбари таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб, ушбу вазифалар ижроси доирасида “Долзарб 90 кун” лойиҳасини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.

Айни пайтда Навоий вилоятининг Нурота туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам лойиҳа доирасида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Сувлиқ маҳалласи тоғли ҳудудда, туман марказидан 70 километр узоқликда жойлашган сўлим масканлардан бири. Маҳаллада 3 та таълим маскани бўлиб, 24-умумтаълим мактаби улардан бири. Мактаб 2009 йилда қурилган ва бу ерда 25 нафар ўқитувчи 159 нафар ўқувчига сабоқ бериб келмоқда.

– Таълим масканимизда дарслар 2 сменада ташкил этилади, – дейди мактаб директори Муҳиддиин Ўнаров. – Ҳозир ёзги таътилда ўқувчиларимиз дам олишмоқда. Мактабимзда ҳам таътилни мароқли ўтказиш учун “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Ҳар куни мактабимизда спорт, касб-ҳунар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Кутубхонамиз доимо очиқ. Режага асосан турли мусобақалар, интеллектуал беллашувлар ташкил этилмоқда. Ўқувчилар ўз қизиқишларидан келиб чиқиб, йўналиш танлашади ва ўқитувчиларимиз кўмагида шуғулланишади.
Рихситилла Исомиддинов бу йил 8-синфни тамомлаб, 9-синфга ўтди. У мусиқага қизиқади. Ёзги таътилда бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида мактабда йўлга қўйилган мусиқа тўгарагига қатнамоқда.
– Бир йилдан буён мактабимизда устозим Дилшод Мирзабековдан мусиқа сирларини ўрганмоқдаман, – дейди Рихситилла. – Ҳар куни мактабга келиб, рубоб, доира, танбур каби миллий чолғу асбобларини чалишни ўрганаяпман. Ҳозирги кунга қадар бир нечта куйни рубобда мустақил чалишни ўргандим. Мусиқа асбобларини чалишни ўрганиш, биринчи навбатда, қўл, бармоқ ва оёқларда ишлаш маҳоратини ривожлантиришга ёрдам беради. Хотирани мустаҳкамлайди. Мусиқа бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштиришимга ёрдам бермоқда.
– Болалар, албатта, нима биландир машғул бўлиши керак, – дея суҳбатимизга қўшилади мусиқа фани ўқитувчиси Дилшод Мирзабеков. – Мусиқа эса бу борада энг мақбул танловлардан бири, деб ўйлайман. Мусиқага ошно бўлган кишилардан ёмонлик чиқмайди, дейишади-ку. Кейинчалик болалар мусиқа билан шуғулланишмаса ҳам, мусиқа уларнинг шахс сифатида шаклланишларига ижобий таъсир қилади. Бола нота ёзуви ва мусиқий жанрларни ўрганиш орқали, биринчидан, хотирасини машқ қилдиради, иккинчидан, диққатини бир жойга қаратишга ўрганади. Мактабимизда 10 дан ортиқ мусиқа асбоблари мавжуд. Қизиқувчи ўқувчиларимиз кўп. Мусиқа дарсларидан ташқари тўгаракларда индивидуал тарзда ҳам шуғулланамиз. Мақсадимиз мусиқага қизиқувчи ўқувчилар сонини ошириш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариб, қалбига эзгулик, яхшиликни сингдириш.
Албатта, лойиҳа доирасида ташкил этилаётган спорт мусобақалари, интеллекуал ўйинлар орқали ўқувчилар ўз иқтидорларини намойиш этишиб, фикрлаш салоҳиятларини ривожлантирмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири