Ёзги таътил – имкониятлар даври (+видео)
Ёзги таътил – нафақат дам олиш, балки болалар учун янги кўникмалар, билим ва дўстлар орттиришга йўл очадиган давр.
Учтепа туманидаги умумтаълим мактабларида айнан шу ғоя асосида фаолият юритаётган ёзги оромгоҳлар, турли фан, спорт ҳамда ижодий тўгараклар болаларнинг вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилмоқда.
Учтепа туманидаги 14-мактабда ҳозирда 1 минг 185 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб директори Дилафрўз Абдиеванинг айтишича, таълим муассасасида ўқувчилар учун таълим ва тарбиявий машғулотлар ташкил этилган.
Мактабда фанларга оид, спорт ва IТ йўналишларидаги тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Айниқса, “Робототехника” IТ тўгараги болаларнинг замонавий технологиялар билан ишлаш қобилиятини ривожлантиришга йўналтирилган. Шунингдек, “Равнақ” ўқув маркази билан ҳамкорликда аниқ ва табиий фанлар бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Марказ ўқитувчилари мактабга келиб, дарс беришмоқда.
Спорт йўналишида эса футбол ва карате тўгараклари фаол йўлга қўйилган. Мураббийлар болаларнинг жисмоний фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшмоқда. Мактаб “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ишлаётгани ва онлайн дарслар ҳам йўлга қўйилгани замонавий ва мослашувчан таълим модели намунасидир.
Учтепа туманида жойлашган 129-сонли мактабда ҳам “Бойчечак” номли ёзги оромгоҳ ташкил этилган бўлиб, 200 га яқин ўқувчини қамраб олган. Мактабда фан ва спорт тўгараклари билан бирга, ижтимоий-психологик ривожланишга хизмат қилувчи машғулотлар ҳам йўлга қўйилган.
Шахмат, шашка, ёш китобсеварлар, робототехника, рақс, инглиз ва рус тили тўгараклари ҳар куни болаларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
– Ёзги тўгараклар ўқувчиларда янги кўникмаларни шакллантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий жиҳатдан фаол бўлишларига катта таъсир кўрсатмоқда, – деди мактабнинг Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилноза Юсупова.
Шунингдек, инглиз тили ва математика фанлари ўқитувчилари ҳам болаларнинг қизиқиши ва ўзлаштириши юқорилигини эътироф этишди. Ота-оналар эса мактабда яратилган шароит ваимкониятлардан мамнун эканликларини билдиришди.
Таълимда давомийлик ва мазмунлилик – келажак учун пойдевор. Учтепа туманидаги 14- ва 129-мактабларда ташкил этилган ёзги оромгоҳлар фаолияти болаларнинг нафақат билим, балки ижтимоий ва руҳий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзаро ҳамкорликда яратилаётган бу имкониятлар, албатта, келажак авлод маънавий юксалиши учун мустаҳкам замин бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/e3freeje2zY" title="Yozgi ta’til – imkoniyatlar davri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Назокат Нормаматова, Лобар Нормаматова, ЎзМУ талабалари