Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 600 миллионга яқин одам сифатсиз овқат туфайли касалликка чалинади. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан эса жорий йилнинг дастлабки беш ойида республика бўйлаб 14 та овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган бўлиб, уларда жами 42 нафар фуқаро, жумладан, 17 нафар бола жабрланган. Улардан энг кўп ҳолат — консерва маҳсулотлари орқали ботулизм касаллиги бўлиб, 23 нафар фуқаро жабр кўрган. Шунингдек, 3 та овқат токсикинфексияси ҳолатида 13 киши, 1 киши эса кимёвий заҳарланган.
Бу юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Ёз мавсумида овқатдан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган тадбирда Санэпидқўмита вакиллари, етакчи мутахассислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Санэпидқўмита раисининг биринчи ўринбосари — Нурмат Отабеков ўз нутқида кўча-кўйда, йўл бекатларида сотилаётган қимиз, қумрон, айрон ва турли шарбатлар, қўлбола тайёрланадиган чанқоқбосди ичимликлар ишлаб чиқариш жараёнининг номаълум эканлиги, иссиқ об-ҳаво шароитида эса бундай озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги микроорганизмлар сони янада ортиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, сутли таомлар, ҳар хил қандолат ва кремли маҳсулотларни истеъмол қилаётганда эҳтиёт бўлиш лозимлиги, акс ҳолда саломатлик хавф остида қолиши мумкинлиги қайд этилди.
Тадбирда сўнгги йилларда экологик муаммолар, жумладан, иссиқлик тўлқинлари ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпайиб, инсон саломатлигига хавф туғдираётгани, айниқса, иссиқ кунларда озиқ-овқат маҳсулотларида бактериялар тез кўпайиши, бу эса заҳарланиш хавфини ошириши таъкидланди. Нотўғри сақланган, уй ҳароратида узоқ вақт турган, яхши пишмаган ёки муддати ўтган маҳсулотларни истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфлидир.
Айниқса, гўшт, тухум, балиқ, мевалар иссиқ ҳавода энг хавфли бўлиб, уларни тўғри сақлаш, ишлов бериш ва истеъмол қилишда эҳтиёткорлик зарур.
Анжуманда шунингдек, оммавий овқатланиш муассасаларида назорат билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар тилга олинди. Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда кафелар, ресторанлар ва умумий овқатланиш муассасалари сони ортиб бораётган бўлса-да, уларнинг барчасида озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги устидан доимий назоратни таъминлаш долзарб масалага айланмоқда.
Ачинарлиси, истеъмолчиларнинг ўзи ҳам баъзида маҳсулотларнинг келиб чиқиши, сифати ёки яроқлилик муддати ҳақида етарли маълумотга эга эмас.
Тадбирда шунингдек, кўплаб муассасаларнинг қонун ҳужжатлари талабларини бажара олмаётганликлари, ваҳоланки, 2019 йилдан буён болалар муассасалари ва жамоат жойларида озиқ-овқат сифати устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қонун ҳужжатлари амалда эканлиги афсус билан қайд этилди.
Мутахассислар фикрича, озиқ-овқат сифати устидан назоратни кучайтириш, аҳоли хабардорлигини ошириш ва бу соҳада рақамли, очиқ тизимларни жорий этиш зарур.
Бунинг учун эса фақат давлат органлари эмас, балки ишлаб чиқарувчилар, умумий овқатланиш муассасалари ва истеъмолчилар ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишлари талаб этилади.
Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/upKJ2pp6GBc?si=kXFv8rjk4dx_nSzR" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА