Сирдарё туманининг Ёшлик маҳалласида янги таълим муассасаси – “Илк ривожланиш маркази” фаолияти йўлга қўйилди. 305 ўринга мўлжалланган мазкур маскан маҳаллий аҳоли, айниқса кам таъминланган оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш имконини яратади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ҳудуд ҳокимлиги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилиб, унга 550 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Марказ очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вакиллари, нуронийлар, педагоглар ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этишди. Янги муассасанинг ишга туширилиши туман аҳолиси учун катта қувонч бўлиб, болаларнинг ривожланиши ва таълим олишида муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

– Лойиҳа доирасида 16 та янги иш ўрни яратилди ва марказ малакали мутахассислар билан таъминланди, – дейди марказ раҳбари Гулноза Қутдузова. – Энг қувонарлиси, тумандаги 38 та маҳаллада истиқомат қилаётган 877 та камбағал оила фарзандлари мактабгача таълим билан қамраб олинади. Шу билан бирга, марказ ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларда мустақил фикр ва ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришда муҳим маскан бўлиб хизмат қилади.

Марказда икки йўналиш — “ўйин гуруҳи” ва “махсус мактабгача таълим гуруҳи” фаолият юритади. Бир вақтнинг ўзида 100 нафар бола қисқа муддатли машғулотларда қатнашиши мумкин. Шу билан бирга, ривожланиши суст ва алоҳида эҳтиёжли 20 нафар бола уйига педагоглар ташрифлари орқали таълим билан қамраб олинади.
Марказ хоналари замонавий талабларга жавоб беради: 4 та гуруҳ хонаси, педагог ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида хоналар, санитария хоналари мавжуд. Ҳар бир хона ўқув қўлланмалар, бадиий адабиётлар ва ривожлантирувчи ўйинчоқлар билан таъминланган. Болалар рўйхати BBIT.uz платформаси орқали шаффоф тарзда шакллантирилади.
Энг муҳими, иштирокчилар томонидан марказ фаолияти ёш авлод иқтидорини ривожлантириш, таълимда тенг имкониятларни таъминлаш ва оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири