Ёшларнинг улкан ютуқларга эришишида имкониятлар бисёр
Бугун пойтахтимизда “Study UK Alumni Awards” дастури доирасида Буюк Британия университетларини тамомлаган ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Мазкур тадбирни ташкил этишдан мақсад ушбу “Буюк Британияда таҳсил олган битирувчилар мукофоти” дастури доирасида билим ва кўникмага эга бўлган ҳамда ўзларининг етакчилик қобилияти билан профессионал соҳаларда юқори натижаларга эришган маҳаллий мутахассислар фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш орқали ёшларни улкан мақсадларга ундашдир.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистондаги Британия кенгаши директори ўринбосари Жамила Ғуломованинг сўзига кўра, мазкур дастур 11 йилдан буён ҳаётга татбиқ этилади. Унга ҳар йили 100 дан ортиқ мамлакатдан 1,500 нафардан зиёд номзод ўз имкониятни синаб кўради. Жорий йил бизнес ва инновация, маданият ва ижодкорлик, илм-фан ва барқарорлик ҳамда ижтимоий ҳаракатлар номинациялари бўйича аризалар 1 сентябрдан 21 октябрга қадар қабул қилинади. Талабларга жавоб берадиган номзодлар “Буюк Британияда таҳсил олган битирувчилар мукофоти” ва “Глобал битирувчилар мукофоти” дастурлари учун танлаб олинади.
[gallery-19367]
Тадбирда Эдинбург давлат университети битирувчиси Искандар Саттибоев ўз ютуқлари билан ўртоқлашди.
– Мен 2003 йилда Андижон давлат чет тиллари институтида бакалавр даражасини олдим. 2004 йилда Даниянинг Оденсе шаҳридаги Технология коллежига ўқишга кириб, 2006 йилда муваффақиятли тамомладим. 2007 йилда Эдинбург давлат университетининг солиштирма ва умумий адабиёт бўйича магистратура даражасини тугатдим. Бугунги кунда Андижон шаҳридаги 1-ихтисослашган мактабда инглиз тилидан дарс бераман. Инглиз тилини осон ва қизиқарли тарзда ўрганишга ёрдам берувчи мобил иловани яратганмиз. Ушбу илова 100 минг маротабадан кўп юклаб олинган. Бундан ташқари, маҳаллий “Тараққиёт” телеканалида инглиз тилини ўқитиш бўйича таълим дастурида дарслар олиб бораман. Ушбу йўналишда қатор китобларим нашр этилган. Айни пайтда шу йўналишда илмий тадқиқот олиб боряпман. 2023 йилда маданият ва ижодиёт йўналишида “Буюк Британияда таҳсил олган битирувчилар мукофоти” ғолиби бўлдим. Бу менга Эдинбург давлат университетига бориш ва ушбу дастур ғолиблари билан мулоқот қилиш имкониятини берди. Шу билан бирга, бу менга она Ватанимиз равнақи йўлида катта мақсадлар сари интилишга туртки бўлди.
Шунингдек, тадбирда ушбу мукофот совриндорлари Суҳроб Солиев, Динара Дултаева ва Татьяна Ан профессионал соҳаларда эришган ютуқлари ва келгуси режалари билан ўртоқлашди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев, ЎзА