Ёшларнинг сайловга оид билимлари оширилмоқда
Ёшлар оромгоҳида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларида ёшларнинг фаоллигини оширишга қаратилган “Сайлов ва ёшлар” мавзуидаги республика ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Уч кунлик ўқувда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Адлия вазирлиги ходимлари ва Тошкент давлат юридик университети профессорлари иштирокчиларга сайлов қонунчилиги, сиёсий партиялар билан ҳамкорлик ва халқаро кузатувчилар билан ишлаш бўйича тушунча берди.

Шунингдек, тадбирда сайловолди тарғиботи жараёнида ёшлар ташкилотлари билан сиёсий партиялар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик масалалари, бу йўналишдаги долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Учрашувларда иштирок этаётган ёшлар мавзу юзасидан қизиқтирган саволларига мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

Мазкур учрашувлар натижасига кўра, сиёсий партиялар ва «Ёшлар қаноти» аъзолари яқин ҳамкорликда юқорида белгиланган вазифалар бўйича манзилли ишлар олиб бориши, ёшлар контингенти кўп бўлган интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиботни амалга ошириши белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА