Юртимизда ёшларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, истеъдодини намоён этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка иштиёқи бор ўғил-қизларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашев ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда Шофиркон туман ҳокими Алишер Файзиллоев ҳамда солиқ бошқармасининг масъуллари иштирокида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш масалаларида фикрлар алмашилди.

Хусусан, рўйхатга олинган 46 нафар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш юзасидан солиқ бошқармаси бошлиғи мутасаддиларга аниқ топшириқлар бериб, ижросини назоратга олишини таъкидлади.


Учрашувда саккиз нафар ёшнинг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларга ўз бизнесларини бошлаш учун дастлабки кўмак сифатида зарур дастгоҳ ва ускуналар етказиб берилди. Шунингдек, уч нафар ёшнинг ишга жойлашиш ва икки нафар ўғил-қизларнинг тадбиркорлик учун имтиёзли кредит масалалари ҳам рўйхатга олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.