Ёшларнинг бўш вақти – етакчининг иш вақти
Жаҳонгир Гадойниёзов Хатирчи туманидаги энг фаол ёшлар етакчиларидан бири. У 2022 йил январь ойидан бошлаб “Жалойир” маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар етакчиси бўлиб ишламоқда. Фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ташаббускорлиги ва изланувчанлиги билан маҳалла ёшларининг чинакам етакчисига айланди.
– Бугунги кунда маҳалламизда 3 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. 14-30 ёшдагилар эса 834 нафарни ташкил этади, – дейди Жаҳонгир. – Ишни аввало хатлов асосида уйма-уй юрган ҳолда маҳалладаги ёшларнинг яшаш шароити, соғлиги ва бандлигини ўрганишдан бошладим. “Ёшлар баланси”ни шакллантириб, улар билан ишлаш бўйича манзилли дастур тузиб олдим. Ҳозирда уларни иш билан таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишлари, касб-ҳунар танлашига алоҳида эътибор қаратмоқдаман.

Асли мактабда жисмоний тарбия фанидан сабоқ берган Ж.Гадойниёзов бугунги кунда ҳам ёшларнинг спорт билан шуғулланишларига бефарқ эмас.
Маҳаллада ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитлар мавжуд. Бу ерда 1 та спорт мактаби ҳамда 1 та умумтаълим мактаби фаолият олиб боради. Спорт мактаби ҳамда мактаб директорлари билан келишилган ҳолда мини футбол, воркаут, волейбол ҳамда стритбол тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Бугунги кунда мазкур маҳаллани кўпчилик спортчилар маҳалласи, дейишади. Сабаби маҳаллада 30 нафарга яқин Ўзбекистон чемпиони, 3 нафар Осиё ўйинлари ғолиби ҳамда 1 нафар шахмат бўйича 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Олимпиада совриндори бор.
Маҳалла ёшлари “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган волейбол, стритбол, мини-футбол, енгил атлетика, кураш, шахмат-шашка мусобақаларида республика босқичида фахрли 1-2-3-ўринларни эгаллаб, жами 8 та спорт майдончаси учун сертификатни қўлга киритган.

– Маҳалламизда 30 нафар ишсиз ёшларнинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларнинг 22 нафарининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, ўтган йилда олий таълим муассасасига кира олмаган 14 нафар ёшлар ҳам бугун иш билан банд, – дейди маҳалла раиси Фарҳод Эргашев. – “Ёшлар дафтари”га киритилган 32 нафар ёшнинг муаммоси ҳам этилган. Жумладан, уларнинг 12 нафарининг бандлиги таъминланди. Ижтимоий кўмакка муҳтож 12 нафар ёшимизга контракт тўловининг бир қисми, 4 нафарига касб ўрганишлари учун тўлов қилиб берилган бўлса, 2 нафар ёшга субсидия ажратилди ва 2 нафар ёшимизга хорижий олимпиада харажатлари қоплаб берилди.

Бугунги кунда маҳаллада тадбиркорлик тобора ривожланиб, у билан шуғулланувчилар сони ҳам йил сайин ошмоқда. Қолаверса, бу йўналиш аҳоли, асосан, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

– Укам иккаламиз “Ёшлар дафтари” рўйхатида турардик, – дейди Сайёр Муҳаммадиев. – Ёшлар етакчиси тавсияси ва кўмаги билан Учқудуқ туманидаги Шимолий кон бошқармасига ишга жойлашдик. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида малакамизни ошириб, тажриба орттирдик. Ҳозирда доимий иш жойига эгамиз. Даромад топиб, оиламизнинг тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.
Дарвоқе, юртимизда интилувчан ва ташаббускор ёшлар доимо ўз салоҳиятларини намойиш қила олган. Жаҳонгир ҳам ана шундай фаол ёшлардан бири. У якунланган 2024 йилда “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” кўрик танловининг республика босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Ҳа, ёшлар етакчиси лавозимини жорий этишдан мақсад ҳам маҳаллада ёшлар билан самарали ишлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат. Хуллас, бугун маҳаллалардаги ёшларнинг ҳеч бири эътибордан четда эмас. Улар ҳар куни қайсидир юмуш ёхуд қайсидир спорт тури бўйича ўтказилаётган мусобақада иштирок этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири