Ёшларни ёт ғоялардан асрайлик
Жиззах вилояти Дўстлик туманида “Ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш – барчамизнинг бурчимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Дўстлик тумани ҳокимлиги диний ишлар бўйича вакили, туман мактабгача ва мактаб таълими, ички ишлар бўлимлари, туман бош имом хатиби, ишчи гуруҳ аъзолари, маҳалла фаоллари, спортчилар ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Дўстлик тумани дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Обиджон Улашов, туман ИИБнинг катта тезкор вакили майор Норйигит Аввалбоев, туман бош имом хатиби Аҳмад ҳожи Абдурасулов ва бошқалар сўзга чиқди. Чегара ва қонунларни тан олмайдиган интернет тармоқлари орқали радикал ғояларнинг кириб келиши, бунинг оқибатида аҳолининг заиф қатламлари, айниқса, ёшларнинг турли гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказишни янада кучайтириш ва таъсирчанлигини ошириш лозимлиги таъкидланди.

– Бугунги кунда мафкуравий кураш глобаллашиб, унинг таъсир доираси бутун дунёни қамраб олмоқда, – дейди Дўстлик туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими шўъба раҳбари Саидмурод Тоғаев. – Унинг шакллари, усул ва воситалари ҳам ўзгариб бормоқда. Турли таҳдид ва ёт ғоялар таъсирига ўқувчи, талаба ва айниқса, уюшмаган ёшларни, қолаверса, бутун халқ оммасининг маънавиятини мустаҳкамлаш орқали қарши курашиш мумкин. Ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш – барчанинг бурчидир.
Шунингдек, тадбирда ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, интернет тармоғи орқали турли диний маълумотларни тарқатмаслик, ота-оналар фарзандларига, тренерлар ёш спортчиларга, маҳалла фаоллари уюшмаган ёшларга тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлиги тушунтирилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА