Қарор ва шарҳ
Математика фанидан иқтидори бор болани шеър ёзишга ундайверсак нима бўлади? Тасвирий санъатга қизиққан фарзандини кимёвий формулаларни ечишга жалб қилаётган ота-оналарни ҳам биламиз. Оқ халат кийиш истагидаги абитуриентнинг ҳуқуқшунослик йўнилиши бўйича ҳужжат топширганига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Бу каби ҳаракатлар оилада катталарнинг фарзандлар имконият ва салоҳиятни тўғри тақсимлай олмаётганини англатади. Бунинг оқибатида эса қизиқиши бўйича рағбат олмаган, шароитга эга бўлмаган бола келажакда юксак натижаларга эриша олмаслиги мумкин.
Кейинги йилларда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилаётгани ҳам бежиз эмас.
Баркамол авлодга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга устувор эътибор қаратилмоқда.
Ўқувчиларнинг маълум фанга бўлган иқтидор ва истеъдодини ривожлантириш мақсадида ихтисослаштирилган синф ва мактаблар ташкил этилди. Уларда қизиқиши бўйича таълим олаётган ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этмоқда.
Таъкидлаш лозим, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм эгаллашга бўлган иштиёқини ошириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириш учун иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрда “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан давлат муассасаси шаклида Фан олимпиадалари маркази фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилди. Ушбу марказ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузурида ташкил этилиши белгиланди.
– Шу пайтгача мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги муассасалар, ихтисослашган таълим даргоҳлари, техникум ҳамда коллежлардаги ўқувчиларнинг олимпиадаларга тайёргарлиги турли стандартлар бўйича олиб борилар эди, – дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев. – Жараённинг бир хил эмаслигидан келиб чиқиб, бу марказ фаолиятини йўлга қўйиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу ўрнида марказнинг асосий фаолият йўналишлари нималардан иборат деган савол туғилиши табиий. Марказ қобилиятли ҳамда фанларни чуқур ўрганишга қизиқадиган ёшларни аниқлаш ва селекция қилиш, улардаги иқтидорни янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга масъул бўлади. Шунингдек, фан олимпиадаларига мақсадли тайёрлашга оид ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқади. Бундан ташқари, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодиёт ва илм-фаннинг устувор йўналишларида, шу жумладан, мактаб таълими тизимида фаолият олиб боришига кўмаклашилади.
Марказ томонидан 2025 йилдан бошлаб 5-8-синфлар ўртасида ўтказиладиган олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчилар базаси шакллантирилади. Уларни халқаро олимпиадаларга мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади.
Фан олимпиадалари бўйича миллий терма жамоаларнинг хорижий давлатлар терма жамоалари билан қўшма йиғинлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Халқаро олимпиадаларда руҳий босимни енгиш бўйича семинарлар ҳамда мотивацион тренинглар ташкил қилинади. Асосий фан олимпиадаларининг ҳудудий босқичида муваффақиятли иштирок этган иқтидорли ёшлар учун «интеллектуал оромгоҳлар» ташкил этиш кўзда тутилган.
Марказда ўқув-йиғин машғулотлари олиб борилади. Келгусида олимпиадаларнинг республика босқичида табиий фанлар бўйича амалиёт – лаборатория жараёнларини ўтказиш йўлга қўйилади. Бу ёшларимизнинг халқаро майдондаги натижаларини яхшилашга хизмат қилади.
Халқаро фан олимпиадалари учга бўлинади. Булар – нуфузли халқаро олимпиадалар, халқаро олимпиадалар ва минтақавий халқаро олимпиадалар. Ушбу олимпиадалар ғолиблари, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоалар раҳбарлари тегишли миқдорларда бир марталик пул мукофотибилан тақдирланади.
Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этадиган терма жамоалар раҳбарларини жамоанинг натижасига қараб рағбатлантириш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, юртимиз ва буюк аждодларимизнинг дунё илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб этиш мақсадида қатор халқаро олимпиадалар ўтказиб бориш тизими йўлга қўйилади.
Бугун юртимизда ўттиз ёшгача бўлганлар сони ўн тўққиз миллион нафардан ортиқ. Бу жами аҳолининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили ярим миллион нафардан кўпроқ ёшлар кириб келмоқда.
Келтирилган рақамлар сўзимиз бошида берилган саволни яна бир бор ёдга солади. Беихтиёр масала мамлакат миқёсида тасаввур қилинганда қай даражада долзарб эканини ўйлайсиз.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини рағбатлантиришга қаратилган навбатдаги муҳим ҳужжат бўлди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири