Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 13 апрель куни ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари берилган топшириқлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ёшларга оид давлат сиёсати ижросини ташкил этишда аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларга муносиб даромад олиши учун шароит яратиб бериш энг муҳим вазифа ҳисобланишини таъкилади.
- Яна бир бор такрорлайман, бу борадаги энг катта имконият ва захирамиз, бу – тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир. Биринчи чоракда 12 минг нафар “ёшлар дафтари”га кирганларга 255 миллиард сўм кредит ажратилди. Лекин улар мустақил равишда тадбиркор бўлиб, “оёққа” тура оладими, деган савол ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва соҳага масъулларни ҳар куни ўйлантириши керак, - деди Президент.
Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида Жондор туманида 813 нафар ёшларга кредит ажратилган (республика бўйича ўртача 158 нафар).
Видеоселекторда Жондор тумани ҳокими Санъатилло Ҳикматов бу ёшларнинг келгуси бизнеси учун яратиб бераётган шароит ва кутилаётган натижалар ҳақида ҳисобот берди.
Йиғилишда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича қуйидаги янги механизмларни жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Жумладан, 1 майдан бошлаб агар корхона ва компаниялар ёшларни ишга қабул қилса, корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади.
Бу орқали жорий йилда камида 700 минг ёшни ишга қабул қилган тадбиркорларни рағбатлантириш механизми яратилади ва тадбиркорлар ихтиёрида бир йилда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ қолади.
Бунда Самарқанд, Фарғонада – 110 миллиард сўмдан, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарёда – 95 миллиард сўмдан, Тошкент вилоятида – 80 миллиард сўм, Наманган, Тошкент шаҳрида – 70 миллиард сўмдан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухорода – 65 миллиард сўмдан, Хоразмда – 60 миллиард сўм, Жиззах, Навоийда – 40 миллиард сўмдан, Сирдарёда – 20 миллиард сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолади.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғидан озод этилади.
1 майдан бошлаб “ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсиз ёш бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади.
Шу билан бирга, ходимлари сонининг камида 70 фоизи “ёшлар дафтари”га кирган ёш тадбиркорларга давлат мулки аукционсиз берилади ва улардан 5 йил давомида ижара ҳақи ундирилмайди.
Бундан ташқари, 1 майдан бошлаб ёшларга тадбиркорлик фаолиятига керакли асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 10 миллион сўмгача субсидиялар берилади. Шунингдек, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.
Йиғилишда таъкидланишича, бугунги кунда мамлакат бўйича 120 та IТ марказини 4 мингга яқин “ёшлар дафтари”га кирганлар тамомлаган. Бундай ёшларни келгусида бизнес бошлаши учун компьютерлар билан таъминлаб бериш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун “1 миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар хариди учун “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва Халқ банкидан кредитлар ажратилади, уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади.
Шунингдек, 1 июндан бошлаб, “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади.
Йиғилишда “ёшлар дафтари”га кирганларга қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича ўқув марказларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланиши, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилиниши айтилди.
Ушбу мақсадлар учун йил давомида қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.
ЎзА