Ёшларга яна бир имконият
Президентимизнинг “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини ўқиб, жуда тўлқинландим.
Давлатимиз раҳбари томонидан миллий адабиётимиз ва маънавиятимизни янада ривожлантириш борасида қабул қилинаётган кўплаб фармон ва қарорлар ижтимоий-маънавий ҳаётимизда нақадар ижобий натижалар бераётгани кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда.
Мазкур қарорнинг мақсади, ундан келиб чиқадиган вазифаларнинг кўлами ниҳоятда кенг ва теран экани кишини ҳайратга солади. Қарорда маънавий ва адабий ҳаётимизни ривожлантириш учун нима қилиш зарур бўлса, ҳаммаси тўлиқ қамраб олинган. Уларни амалга оширишнинг йўллари кўрсатилган, механизми ишлаб чиқилган ҳамда қонуний ва моддий асослари кафолатланган.
Унда биз, ёш ижодкорларга ҳам катта эътибор қаратилгани, яна бир ғамхўрлик кўрсатилганидан жуда севиндим. Мен қатори ёш ижодкорларнинг биринчи китобларини нашр этиш тўғрисидаги бандини ўқиётиб, давлатимиз раҳбари тилидан “Қизим, сенинг ҳам биринчи китобинг, албатта, нашр этилади”, деган сўзни эшитгандек ҳис қилдим ўзимни.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ҳар йили мунтазам ўтказилаётган Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинарида адабиётимизнинг етук дарғалари бўлган устоз шоир ва адибларимиз ижодий ишларини муносиб баҳолаган ёшларнинг илк китоблари ўн минг, йигирма минг нусхада нашр этиб келинмоқда. Илк парвозларини пурвиқор Зомин тоғларидан бошлаган бу қалдирғочларнинг кўпчилиги бугун адабиёт майдонида ўз сўзига, ўз овозига эга бўлиб улгуришган. Адабиёт аталмиш дарёнинг улуғ ўзанларига ҳар йили янги ирмоқлар келиб қўшиларкан, бу ирмоқлар ҳам ўзларига билдирилган ишонч, эътироф ва меҳрибонликка кун келиб юрак мавжларининг жарангдор қўшиқлари ила жавоб қайтармоғи зарур. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу қарор ҳар бир ёш ижодкор зиммасига улкан масъулият юклайди. Қачонки бизга берилган ишончни мукофот деб эмас, масъулият деб қарасак, шунга яраша меҳнат қилсак, албатта, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришамиз. Бугун чоп қилинаётган китоблар кўп, ёзилаётган асарлар ҳам сон-саноқсиз, аммо илк китобинг улуғ устозларнинг чиғириғидан ўтиб нашр қилинганининг гашти ўзгача. Асар инсонларнинг юраги, руҳиятига кириб борсагина у ўзининг асл моҳиятини намойиш эта олади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ижодий кечаларини ўтказиш, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган уюшма аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг муносиб намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш бўйича қарорда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш миллий адабиётимиз ва маънавиятимизнинг янада ривожланишини таъминлайди. Шу билан биргаликда ижодкор зиёлилар ҳамда маънавиятчилар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Зумрад Машарипова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.
ЎзА