Ёшларга ишонч – Янги Ўзбекистон тараққиётининг бош стратегияси
Муносабат
Ҳар бир даврнинг ўз таянч нуқталари бўлади. Айрим замонларда мамлакат қудрати унинг табиий бойликлари, ҳудуди ёки ишлаб чиқариш салоҳияти билан ўлчанган бўлса, бугунги глобал рақобат муҳитида энг катта бойлик – инсон, унинг билими, тафаккури ва яратувчанлик қобилияти ҳисобланади.
Шу маънода, ёш авлодга эътибор қаратиш – бу фақат ижтимоий сиёсат йўналиши эмас, балки давлатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясидир. Чунки бугун мактаб ёки олийгоҳ остонасида турган ёш йигит-қизлар эртага мамлакат иқтисодиёти, илм-фани, маданияти ва давлат бошқарувини ҳаракатга келтирадиган асосий кучга айланади.

Президентнинг ёшлар билан учрашувида илгари сурилган янги ташаббуслар мазмун-моҳиятига назар ташласак, уларнинг барчасини ягона мақсад – ҳар бир ёшнинг билим олиши, касб эгаллаши, муносиб иш топиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун яхлит тизимни шакллантириш ғояси бирлаштириб турганини кўрамиз.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги куннинг муваффақият формуласи ва эртанги тараққиётнинг мустаҳкам замини учта устунга – билим, касб ва технологияга таянади. Ана шу ёндашувдан келиб чиқиб, мамлакатда ҳар йили 500 минг нафар йигит-қизни замонавий касбларга тайёрлаш имконини берадиган “Келажак билимлари экотизими”ни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Бу ташаббус таълим муассасалари фаолиятини кенгайтириш билан чекланмай, хусусий секторнинг иштироки, замонавий ўқув дастурлари ва халқаро тажрибани кенг жорий этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Айниқса, ёшлар ўз ташаббуси билан ўқув марказлари ташкил этиши учун ер майдонлари ва давлат объектлари имтиёзли шартларда ажратилиши, кредит фоизлари бир қисми давлат томонидан қопланиши ҳамда хорижий ўқитувчилар ва ўқув дастурларини жалб қилиш харажатларининг ярмини молиялаштириш механизми билим соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг янги босқичини бошлаб беради.
Янги ташаббуслар орасида “касб ваучери” тизимининг жорий этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Энди замонавий касб эгаллаш истагида бўлган ёшларга ўқиш харажатлари учун фоизсиз маблағ ажратилади, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари эса хусусий ўқув марказларида мутлақо бепул таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса касб-ҳунар эгаллашда иқтисодий имкониятлар билан боғлиқ чекловларни бартараф этиб, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар сонини янада оширишга хизмат қилади.
Учрашувда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёш тадбиркорлар сони беш бараварга ошиб, 287 минг нафардан ошгани бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Энди эса мазкур тизим сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. “Ёшлар мини-франшизаси” дастури доирасида муваффақиятли ёш тадбиркорлар ўз бизнес моделини бошқа тенгдошларига ҳам тақдим этиши учун имконият яратилади. Маҳаллий брендлар асосида иш бошлаётган ёшларга 300 миллион сўмгача фоизсиз маблағ ажратилиши, истиқболли лойиҳаларга эса 5 миллиард сўмгача инвестиция киритилиши кўзда тутилмоқда.
Бу ташаббуснинг энг муҳим жиҳати шундаки, ёшларга фақат иш изловчи эмас, балки янги иш ўринлари яратадиган, иқтисодий фаолликни оширадиган ва маҳаллий брендларни ривожлантирадиган куч сифатида қаралмоқда. Бу эса мамлакат иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Дунёда рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир шароитда Ўзбекистон ҳам бу жараённинг фаол иштирокчисига айланишни мақсад қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш, суперкомпьютер кластери қувватини кенгайтириш, ҳудудларда янги IT-парклар барпо этиш ва иқтидорли ёшларни мазкур соҳаларга кенг жалб қилиш ҳақидаги қарорлар мамлакатнинг технологик тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлади.
Шунингдек, “Менинг биринчи компьютерм” дастури орқали эҳтиёжманд оилалар фарзандларига ноутбук харид қилиш учун молиявий кўмак берилиши рақамли тенгликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Чунки рақамли иқтисодиёт шароитида компьютер ва интернетдан фойдаланиш имконияти нафақат таълим, балки меҳнат бозорида рақобатбардошликнинг ҳам асосий омилларидан бирига айланмоқда.
Президент томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус – “Ўзбекистон ёшлар лигаси” платформасини ташкил этишдир. Бу тизим орқали ёшларнинг илм-фан, таълим, спорт, тадбиркорлик ва ижтимоий фаолликдаги натижалари баҳоланиб, уларни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги механизми жорий этилади.
Юқори натижаларга эришган ёшларга давлат грантлари, контракт тўловлари бўйича имтиёзлар, хорижда таълим олиш имкониятлари, имтиёзли ипотека, давлат хизмати учун кадрлар захирасига киритиш каби рағбатлантириш чораларининг белгиланиши иқтидор ва меҳнатни муносиб қадрлаш тамойилини янада мустаҳкамлайди.
Эътиборли жиҳати шундаки, янги ташаббусларнинг барчаси бир-бири билан узвий боғланган яхлит тизимни ташкил этади. Таълимдан бошланган йўл касб-ҳунар, тадбиркорлик, инновация ва давлат бошқарувигача давом этади. Бу эса ёшларнинг фақат бугунги эҳтиёжларини эмас, балки келажакдаги муваффақияти учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратишга қаратилган комплекс ёндашув эканини англатади.
Умуман олганда, мамлакат келажаги унинг қандай бино ва иншоотлар қургани билан эмас, қандай инсонларни тарбиялагани билан белгиланади. Шу маънода, Президент томонидан илгари сурилган мазкур ташаббуслар ҳар бир ёшнинг ҳаётига дахлдор бўлиб, уларнинг билимли, рақобатбардош, ташаббускор ва ватанпарвар шахс сифатида камол топишига хизмат қиладиган муҳим стратегик дастур сифатида аҳамият касб этади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА