Тарихдан маълумки, юксалишни мақсад қилган ҳар қандай давлат ўз юрти ёшларининг таълим ва тарбиясига жиддий эътибор қаратган. Чунки, давлат бошқарувидагилар ёш авлод ўша давлат, миллатнинг эртаси, келажаги эканлигини яхши англаган.
Биринчи ва иккинчи Ренессансларга Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Хоразмий, Имом Бухорий, Фаробий, Улуғбек, Жалолиддин Румий, Жомий, Шарофиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Навоий, Бобур, Камолиддин Беҳзод каби буюк мутафаккир олимлар муносиб ҳисса қўшганликларини дунё аҳли аллақачон тан олиб, эътироф этгани ҳақиқат. Ана шу улуғ аждодларимиз билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.
Мустақилликка эришганимизга ўттиз тўрт йил бўлибдики, улуғ аждодларимиз қолдирган бой илмий, маънавий-маърифий меросини ўрганамиз. Бунинг учун барча имконият эшиклари очиб берилган. Эндиликдаги устувор вазифа – юртимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш, буюк бобокалонларимизга муносиб авлодни тарбиялаш навбати келди, десак асло муболаға бўлмайди. Ушбу масъулиятли вазифани амалга ошириш учун давлат, миллат, мустақил Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, айниқса, зиёлилар бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғи керак бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев буюкларнинг тарихий илмий, маънавий-маърифий, маданий меросини қадрлаш, ана шу улуғ аждодларимизга муносиб бўлган юрт фарзандлари ҳақида гапириб, “Фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги, албатта ёруғ бўлади”, – дея таъкидлаш билан бирга, ўғил-қизларимиз соғлом, билимли, яхши фазилатлар соҳиби бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришдек улуғ мақсад йўлида тинимсиз иш олиб бормоқда.
Буни энг аввало Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституцияси, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қатор ҳужжатлар мисолида кўриш мумкин.
Ёшлар масаласига алоҳида эътибор давлат сиёсатининг устувор вазифаси эканлигига – Сенат ҳузурида Ёшлар парламентининг ташкил этилганлиги ҳам бир мисолдир. Ёшлар парламенти орқали ташаббускор ёшларга давлат ва жамият ишида фаол иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратилди. Буни яхши ният билан юртимиз ёшларига бўлган эътибор, ишонч, десак тўғри бўлади.
Давлатимиз томонидан ёш авлод учун барча шароитлар яратилмоқда. Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан ўрин олди. Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлар пойтахти мақомига эга бўлди.
Кўплаб янги замонавий давлат ҳамда нодавлат мактабгача ва мактаб таълим ташкилотлари, касб-ҳунар, профессионал таълим муассасалари, олий ўқув юртлари барпо этилди. Хорижий давлатлар олийгоҳларининг филиаллари очилди. Хусусан, фарзандларимиз бугунги кунда 38 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотлари, 10 мингдан зиёд мактабларда, 598 та техникум, 201 та олийгоҳда таълим-тарбия олмоқда.
Шулар қаторида республикамизда 14 та Президент мактаби, 800 дан зиёд ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолият олиб бормоқда. Беруний номидаги халқаро мактаби қошида “Гарвардчилар” мактаби ташкил этилиб, 60 нафар ўқувчи саралаб олинди. Бу даргоҳда ҳар йили 3 минг нафар ўқувчи селекция қилиниб, Гарвард, Йель, Колумбия, Конель олийгоҳларига тайёрлаб берилади.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Беш муҳим ташаббус” лойиҳаси доирасида ёшларни китоб ўқишга қизиқишини оширишда “Ёш китобхон” танлови муҳим роль ўйнаётганлиги барчага аён.
“Таълим – келажакка сармоя” ғояси асосида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилиб, банклар орқали жаҳон рейтингида “Топ-300” таликка кирувчи олийгоҳларга ўқишга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит берилиши белгиланди.
Бундан ташқари, юртимизда 15 мингга яқин ўқув, 7,5 мингта касбга тайёрлаш марказлари бўлиб, уларда таҳсил олувчи ёшларга 100 дан ортиқ имтиёз, енгилликлар берилди. Шунингдек, инновация ва илм-фан соҳаларига давлат бюджетидан 1,5 триллиондан кўпроқ маблағ ажратилди.
Эндиликда стартап лойиҳалари мактаблардан бошланиб, ғояларни амалга ошириш учун 100 миллиард сўмгача грантлар ажратиладиган бўлди. Олийгоҳларда “Энг яхши креатив ғоя” танлови ташкил этилиб, ғолибларга институт жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади. Жорий йилнинг ўзида ёшларнинг 40 дан зиёд ташаббусларига 500 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилди.
Юқоридаги мисоллардан кўриш мумкинки, давлатимиз томонидан ўғил-қизларимизнинг сифатли таълим, миллий менталитетимизга мос одоб-ахлоқ олиши, хорижий тилларни ўрганиб, ривожланган мамлакатлар тажрибаларини ўрганиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун зарур инфратузилмалар яратиб берилмоқда. Эътиборлиси, барча соҳалардаги каби таълим соҳасида ҳам инсон капиталига сарфланаётган сармоя, ўзининг илк натижаларини бера бошлади, десак айни ҳақиқатдир.
Юртимизда “Илм-тарбия-инновация” занжири яратилаётганлиги туфайли 2024 йили Ўзбекистон ёшлари “Топ-500” талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Умуман, 1 минг 500 нафардан зиёд иқтидорли ўзбек ёшлари дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олмоқда.
Кейинги етти йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2,3 минг нафар ёшларимиз хорижда ўқиш имконига эга бўлди.
Бундан ташқари, Ёш олимлар сони 11 минг нафардан ортди. “Ёшлар академияси” ташкил этилиб, 4,2 мингдан зиёд ёшлар жалб қилинди. Стартаплар сони 260 дан ортди, уларга 17,9 миллион долларлик инвестиция жалб этилди. Шунингдек, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг нафар ёшлар ўқитилди. Биргина ўтган 2024 йилнинг ўзида 150 минг нафар ёшлар халқаро тил сертификати соҳиби бўлди. Тан олиб айтишимиз керакки, Ўзбекистоннинг барча соҳаларда эришаётган ютуқларида ана шу ёшларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, бугунги глобаллашув шароитида мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири, ёшларига сифатли таълим ва яхши тарбия бериш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишларини таъминлаш – давлат ва жамиятнинг асосий вазифаси бўлиб қолаверади.
Қудратилла Ибайдуллаев,
Андижон давлат педагогика институти
профессори в.б., институт фахрийлар кенгаши раиси.
ЎзА