“Ёшлар жиноятчилигидан холи ҳудуд”
Ўтган йили Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги 37 та маҳаллада ўтказилган хатловлар орқали туманнинг “Ёшлар баланси” шакллантирилиб, рўйхатга олинган 14-30 ёшдаги 38 минг 500 нафардан зиёд йигит-қизнинг индивидуал қизиқиши, муаммо, иқтидор ва ташаббусларидан келиб чиқиб, тизимли ишлар амалга оширилди.
Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича йўлга қўйилган янги тизим асосида ҳар ҳафтада туман ҳокими бошчилигида секторлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ёшлар билан учрашув ҳамда мулоқотлар ўтказиб борилди. Ана шу тадбирлар давомида ёшлар томонидан кўтарилган 600 га яқин муаммо ижобий ҳал этилди.
– Ёшлар билан бевосита ишлаш жараёнида уларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Булоқбоши туман бўлими бошлиғи Паҳлавон Адҳамов. – Айниқса, “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 минг 265 нафар ёшнинг 1 минг 261 нафарига зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, “Ёшлар бандлигини таъминлаш” дастури доирасида 728 нафар ёшга деҳқончилик қилиши учун “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида 126 гектар ер майдони ажратилди. Мазкур ер майдонларидан самарали фойдаланиш, йилига икки марта ҳосил олиш ҳисобига 580 тоннадан ортиқ турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.
Бундан ташқари, 56 нафар ёшга меҳнат қуроллари харид қилиш учун субсидия, шунингдек, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун 728 нафар ёшга 1,5 миллиард сўмдан зиёд миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада ана шу ёшларнинг бандлиги тўла таъминланди.
Туманда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган тадбир, танлов ва спорт мусобақаларида 40 минг нафарга яқин ёш иштирок этди. Мазкур мусобақаларда ғолиб бўлган жамоалар маҳаллаларида 4 та спорт майдончаси барпо этилди. Турли маҳаллаларда 40 дан ортиқ кўнгилочар объектлар, “Ёшлар сайлгоҳлари” ташкил этилди.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 17 минг 900 нафардан ортиқ ёшлар 23 та хорижий тилни, “Ustoz AI” лойиҳаси доирасида 6 минг 105 нафар ёш 20 га яқин замонавий касбларни онлайн ўрганди.
Хорижий тиллар бўйича халқаро имтиҳон тизимларидан C1 даражадаги сертификатга эга бўлган 71 нафар ёшнинг 152 миллион сўм миқдордаги имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилди.
Туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, тарбияси оғир, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор ёшларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилди.
[gallery-21155]
Хусусан, тарбияси оғир бўлган 793 нафар ёш мутасадди идоралар раҳбарларига бириктирилди, улар билан суҳбат ва мулоқотлар ўтказилди. Ана шу жараёнда 502 та муаммо аниқланиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари оталиққа олган 15 минг 255 нафар ёшлар билан учрашувлар ўтказилди. Олиб борилган ана шу ишлар натижасида тумандаги 37 та маҳалладан 22 таси “Ёшлар жиноятчилигидан холи ҳудуд”га айланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари