Ёшлар жамиятда ўз ўринларини топмоқда
Мамлакатимизда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турар-жойлар билан таъминлаш, уларни оилавий болалар уйларига жойлаштириш, ҳаётга тайёрлаш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги тегишли қарори ҳам бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов ҳамда Ижтимоий инспекция вилоят бошқармаси бошлиғи Азиз Тўланбоев ўтган йили уй-жой билан таъминланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан яқиндан суҳбатлашди.
Олмалиқ ва Нурафшон шаҳрида ташкил этилган суҳбатлар асносида уларнинг кундалик ҳаёти, турмуш тарзи ва маиший муаммолари ҳам муҳокама қилинди. Улар берилган имконият ва шароитлардан самарали фойдаланишга, ҳаётда ўз ўрнини топишга астойдил интилмоқда.

Масалан, бу тоифадаги Диёрбек Жуманов Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг фаол ёшларидан. Азизбек Умаров Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг талабаси. Даря Кучеренка эса Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқич талабаси. Улар эндиликда ўз ташаббус ва ижтимоий фаоллиги билан жамиятга фойда келтиришни мақсад қилган.
Масъуллар билан суҳбатдан сўнг Д.Кучеренка Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармасида амалиёт ўтайдиган бўлди. Илмга чанқоқ бу ёшлар иштирокида миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик мавзусидаги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
А.Мусаев,ЎзА