Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Тошкент вилоятида 2020-2021 йиллар давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш чора-тадбирлар” дастури ижроси доирасида “Ёшлар марафони” ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган марафонда 400 дан ортиқ ёшлар фаол иштирок этди.
Ёшларда спортга бўлган ҳавас ва интилишни кучайтириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада оммалаштириш, мамлакатимизда ўқувчи ва талабаларни спорт машғулотларига узлуксиз жалб қилишга қаратилган мусобақаларни мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий оркестр жамоаси томонидан жанговар куй-қўшиқлар ижро этилди. Қизғин ва муросасиз кечган мусобақада вилоятдаги ҳарбий қисмларнинг аскарлари, таълим муассасалари ўқувчилари ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Эътиборлиси, туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев ҳам марафонда иштирок этди. Якунда 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Жамшид Очилов биринчи ўринни олди.
Ғолиб ва фаол иштирокчиларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
– Бугунги марафон оҳангаронлик ёшлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси мутахассиси Рустам Маннопов. – Бу каби тадбирлар вилоятимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган бўлиб, унда ёшларимизнинг бирдам ҳаракат қилганини гувоҳи бўлдик. Айниқса, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиш бўйича маҳаллаларда аҳолини спорт билан шуғулланиши учун 15 та саломатлик йўлаклари ҳамда “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) майдончалари қурилди. Шунингдек, 325 та спорт тадбирлари ташкил этилди. Ташкил этилган тадбирларга 11 минг 745 нафар аҳолининг барча қатлами қамраб олинди. Шундан 58 та маҳаллаларга бириктирилган мураббийлар томонидан уюшмаган ёшлар билан машғулотлар ўтказилди.
А.Мусаев, ЎзА