Ёшлар – халқимизнинг олтин фонди
Бугун “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан “Ёшларга дахлдор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда янги авлод вакилларининг ўрни” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан ўтказган учрашувида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади ва ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ йигит-қизлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади.
Бугунги кунда “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 770 мингдан ортиқ аъзоларининг деярли 53 фоизга яқинини ёшлар ташкил қилади. Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, “Миллий тикланиш”нинг мақсад ва ғояларини ҳаётга татбиқ этишда ёшларнинг ўрни ва роли муҳим ҳисобланади.

Очиқ мулоқотда таъкидланганидек, бугун олий таълим олиш истагидаги ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Олийгоҳлар сони 3 баробар оширилгани натижасида 42 фоиз ёшлар қамраб олинмоқда. Хотин-қизларга шартнома тўлови давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига, уларнинг сони 11 карра кўпайди. Қолаверса, дунёдаги нуфузли университетларда 1 минг 500 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Илмий даражали ёш олимларимиз сони ҳам 2 карра кўпайиб, 4 минг нафардан ошди.
Ёшларимиз орасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш кескин кучайди. Сўнгги 3 йилда тил ўрганаётган ёшлар сони 2 миллионга етган бўлса, “IELTS” имтиҳонидан юқори балл олганлар 5 карра кўпайган.

Алоҳида қайд этилдики, “Миллий тикланиш” демократик партияси баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқаришни энг устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Партиянинг Сайловолди дастурида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, маънавий тарбия ва сифатли таълим, партиянинг ёшларга оид сиёсати, касб-ҳунар, олий ва олий таълимдан кейинги таълим ҳамда соғлом ва фаол ҳаётни таъминлаш, миллат генофондини сақлаш каби йўналишларда бир қатор ғоя ва мақсадлар илгари сурилган.
Очиқ мулоқотда сўзга чиққанлар давлат раҳбарининг ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида билдирилган ҳар бир таклиф ва ташаббуслар партиянинг мақсад ва ғояларига ҳамоҳанг эканлиги, партия “Ёшлар қаноти” фаоллари бу борада янада фаоллик кўрсатиши лозимлигини таъкидлади.

Очиқ мулоқот якунида билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида давлат раҳбари маърузаларида кўтарилган долзарб масалалар мазмун-моҳиятини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар ва лидер ёшлар иштирокида аҳолига, хусусан, ёшларга етказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Шунингдек, депутатлар билан ёшларга тааллуқли масалаларга доир мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш, ўз соҳасида намуна кўрсатган ёшларни партиянинг “Ёшлар” ва “Аёллар” қанотларининг экспертлик гуруҳларига кенг жалб этиш, партия фаолиятида алоҳида намуна кўрсатган ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга оид таклифлар ишлаб чиқилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА