Ёшлар ватанпарварлик руҳида тарбияланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманидаги 23-умумтаълим мактаби қошида “Наманган қалқон махсус гуруҳ” нодавлат таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, бу ерда 700 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда.
Муассасада ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган. Математика, инглиз ва рус тиллари, тарих, ментал арифметика, психология, бошланғич ҳарбий тайёргарликдан тўгарак машғулотлари фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, спортсевар ёшлар учун муай-тай тўгараги ишлаб турибди.
[gallery-20489]
Ота-оналар талаб ва истагидан келиб чиқиб, Чуст туманидаги “Меҳржон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида, Уйчи туманидаги “Умид ниҳоллари” болалар соғломлаштириш оромгоҳида, Уйчи тумани “Ёркатай” МФЙ ҳудудида ҳам муассасанинг филиаллари ташкил этилган.
Ўқувчилар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида улар бир йилда икки маротаба сиҳатгоҳларга юборилади. Ёзги мавсумда эса барча ўқувчилар бошланғич ҳарбий тайёргарлик кўникмасини шакллантириши учун тоғли ҳудудларга, бир ойлик дала ўқув йиғини машғулотига жалб этилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА