Ёшлар ва тадбиркорлар учрашуви давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек, “Тошкент ёшларни севади!” шиори остида ўтказилаётган ёшлар ойлиги доирасидаги сўнгги ҳафталик таълим ва тадбиркорликка қаратилди.
Мазкур ҳафталик доирасида Ёшлар марказида “Cambridge International College”, “IDP IELTS” ва бошқа қатор лойиҳалар асосчиси Умиджон Ишмуҳаммедовнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Интерактив тарзда ўтган тадбирда спикер бугунги кунда чет тилари, хусусан, инглиз тилини билиш қанчалик долзарб эканлиги, тил ўрганишда асқотадиган амалий тавсиялар ҳақида сўзлади. Нуфузли ишбилармон бўлиш учун ҳам бир нечта тилни билиш бу иқтисодий, моддий ва маънавий жиҳатдан ҳам зарурлиги борасида тавсиялар берди.
Шунингдек, ҳафталик доирасида “Compas Consulting“ асосчиси Улуғбек Хожиаҳмедов, маркетолог, Чортоқ минерал сув маркетинг бўлим бошлиғи Ҳабибулло Саъдуллаевнинг очиқ мулоқоти ёшларнинг бу соҳадаги билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

– Ҳафталик давомида тадбиркорлар билан учрашувларнинг барчасида иштирок этиб келяпман, – деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Гулмира Нусратова.
– Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлаётган учрашувларда ёшларнинг таклиф ва ғоялари тингланиб, уларга тегишли кўрсатмалар бериляпти. Айниқса, ўз бизнес фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларимиз учун бу ҳафталик айни муддао бўлди. Ёшлар нуфузли тадбиркорларнинг илк бошлаган ишларидан тортиб, бугунги эришган ютуқларининг қийинчиликлари ва аҳамияти билан танишмоқда.

Маълумот учун, “Тошкент ёшларни севади” шиори остида ёшлар ойлигини ўтказишдан мақсад, йигит-қизларда юртимизда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш, ёш авлоднинг илм-фан, ижод, маданият ва санъат, спортга бўлган қизиқишини ошириш, талаба ва битирувчилар, уюшмаган ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашишдан иборат.


Гулноза Бобоева, ЎзА