Ёшлар учун янги лойиҳа
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги мамлакатимиз ёшлари учун тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “коучинг” видео материаллар ва дарсликлар, мотивацион роликлар тайёрлаш мақсадида давлат ижтимоий буюртмаси учун танлов эълон қилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 23 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур давлат ижтимоий буюртмасининг асосий мақсади ёшларнинг ўз турмушини яхшилаш, касб-ҳунар ва бизнес билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда уларга бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган.
Давлат ижтимоий буюртмаси маблағларини республика бўйича барча нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қуйидаги 3 та, жумладан, “Коучинг” видеороликлар тайёрлаш, Мотивацион роликлар тайёрлаш ҳамда Ўқув-услубий қўлланма ва дарсликлар тайёрлаш йўналиши бўйича қўлга киритиши мумкин.
Гулноза Бобоева, ЎзА