Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Пайкент маҳалласида 1540 нафар ёш истиқомат қилади. Бугунги кунда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, турли тўгарак ва ўқув машғулотлари, бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар натижасида маҳаллада ёшлар тадбиркорлиги изчил ривожланаётгани қувонарлидир. Шу йўналишда маҳалла ёшлар етакчисининг ташаббуслари ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ёшларни касб-ҳунар ўрганишга йўналтириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш ва турли ижтимоий лойиҳаларга жалб қилиш бўйича мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Натижада, Пайкент ёшлари бугун ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён қилиш учун барча шароитларга эга бўлмоқда.

Шу маҳаллада яшовчи Элбек Жабборов жорий йилда Бухоро давлат университетининг инглиз тили йўналишини тамомлади. Давлатимиз раҳбарининг “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида унга 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли банк кредити ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобига ўз маҳалласида замонавий интернет-кафе ташкил этди.

Мазкур масканда ёшлар “Ziyonet”, “Ibrat farzandlari” каби электрон платформалар орқали хорижий тилларни ўрганиш, замонавий билимларни эгаллаш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шароит яратилган. Бу эса маҳалла ёшларини интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни юрт тараққиёти йўлида фаол бўлишга ундашда муҳим омил бўлмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА.