Сирдарё туманида “Хитой тили ва касбий маҳорат” маркази иш бошлади.
Хитойнинг Шэньян кимё-технология университети, Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиали, Гулистон давлат педагогика институти ҳамда “Пенг-Шенг” саноат парки ҳамкорлигида ташкил этилган марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимлигидан мутасадди раҳбарлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

“Хитой устахонаси” лойиҳаси доирасида ташкил этилган марказда хитой тили замонавий ишлаб чиқариш амалиёти ва касбий таълим элементлари уйғунлигида ўргатилади. Марказда талабалар ва ёш мутахассислар учун муҳандислик, технология, ишлаб чиқариш ва касб-ҳунар йўналишларида замонавий ўқув машғулотлари ташкил этилади. Таълим жараёнларини Ўзбекистон ва Хитойнинг етакчи мутахассислари олиб боради.

– Хитой тили ва касбий маҳорат маркази нафақат тил ўрганиш, балки саноат эҳтиёжларига мос, малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади, – дейди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директори биринчи ўринбосари Отабек Абдуғаниев. – Бугунги кунда ишлаб чиқариш соҳаларида замонавий технологияларни тушунадиган, хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қила оладиган кадрларга эҳтиёж юқори. Бу марказда ёшларимиз ҳам билим, ҳам касб, ҳам хорижий тилни ўзлаштиради, меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, марказнинг фаолият бошлагани ёшлар учун катта имкониятдир. Улар нафақат хитой ёки бошқа хорижий тилларни ўрганади, балки, хитой тажрибаси асосида муҳандислик, технология, ишлаб чиқариш ва касб-ҳунар йўналишларида билим ва малакасини оширади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири