Ёшлар учун улкан маҳорат дарси
Билим ва маҳоратни чархлашда устозлар сабоғининг ўрни беқиёс. Ёш ижодкорларнинг республика Зомин семинари доирасидаги маҳорат дарслари ёшлар учун унутилмас воқелик, десак янглишмаймиз.
Мазкур сабоқлар давомида ёшларнинг ижоди атрофлича таҳлил этилди, уларга зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатилди.
– Қатнашчи ёшларнинг кайфияти жуда кўтаринки, – деди адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Ушбу семинарда иштирок этиш учун ҳақиқий истеъдод эгалари саралаб олингани ёш қаламкашлар билан мулоқот давомида яққол билиниб турибди.

–Бир қатор ижодкорлар айнан шу семинардан етишиб чиққан, – деди устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Бу ердаги бетакрор муҳит ижодкорга ўзгача руҳ, янгича ижодий кайфият беради. Публицистика йўналишида ижод қилаётган ёшларнинг машқлари билан танишдик. Улар ўз фикрига эга экани эътиборлидир. Лекин шу билан бирга, айрим қатнашчиларнинг машқларида тақлид ҳам кўзга ташланди. Назаримда ҳар бир ёш ижодкор ўз услубига, ўз овозига, ўз ижод йўлига эга бўлмоғи керак. Ижодкор ёшларнинг бадиий маҳоратини ошириш жуда муҳим. Бугун ёшлар воқеликни ўз назари, ўз ёндашуви билан таҳлил этмоғи керак. Шу маънода Зомин семинари адабиётимизда бўғинма-бўғин, занжир бўлиб келаётган ёшларнинг сафини шакллантирмоқда. Бу занжир бўлинмасин, деймиз.

–Шеъриятда маҳмаданалик кетмайди, – деди атоқли шоира Зебо Мирзаева. – Ўз фикрини содда, самимий, ҳам чиройли тушунтириш санъатдир. Мазкур семинардагидек, ижодкорлар бир-бирини қўлласагина катта адабиёт, Ватан адабиёти ривожланади.

–Бугун мамлакатимизда барча соҳалар шиддат билан ривожланмоқда, – деди семинар қатнашчиси Холида Абдухолиқова. – Шунча муҳим жараёнлар билан бир қаторда Зомин семинарининг ҳам юксак савияда ташкил этилиши, унга мамлакат раҳбарининг доимий эътибор қаратаётгани юртимизда ёшларга, миллий адабиётимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик намунасидир. Зомин семинари машғулотлари биз учун жуда фойдали бўлмоқда.

Маҳорат дарслари давомида ёшларнинг машқлари устоз ижодкорлар назаридан ўтказилди. Уларга шеърият, публицистика, бадиий таржима, адабий танқидчилик ва таҳлил бўйича торшириқ ҳамда вазифалар берилди. Ёш қаламкашларнинг ютуқлари билан бирга камчиликлари ҳам кўрсатиб ўтилди.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Эргашев (сурат), ЎзА