Ёшлар учун очиқ мулоқот
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида талаба ёшлар иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Мазкур ташаббус ёшларни суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан яқиндан таништириш, суд ишларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, шунингдек, суд тизимида коррупцияга қарши курашишга қаратилган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилди.

Тадбир давомида судьялар томонидан маъмурий судларнинг асосий вазифалари, фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни, шунингдек, судларга мурожаат қилишда яратилган замонавий қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Айниқса, суд тизимида жорий этилган интерактив хизматлар, электрон мурожаатлар, рақамли суд жараёнларининг афзалликлари ҳақида батафсил тушунтирилди.
Иштирокчилар суд заллари, девонхона, архив ва бошқа хизмат хоналари билан танишиб, суд ишларининг амалда қандай ташкил этилишига гувоҳ бўлишди. Бу эса ёшларда суд фаолиятига нисбатан ишонч ва холис муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.

Очиқ мулоқотлар давомида талабалар учун интерактив ўйин ўтказилиб, унда судьялар томонидан берилган ҳуқуқий саволларига ёшлар жавоб бериш баробарида, улардан тўлиқ жавоблар олиш имкониятига эга бўлишди. Фаол иштирок этган, билим ва қизиқиши билан ажралиб турган талабаларга эса маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган турли китоблар совға қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири