Ёшлар учун манфаатли бўлган меморандум имзоланди
Тошкент шаҳар кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш дирекцияси, Шайхонтоҳур тумани касбий кўникмалар маркази ва Латвия Республикасининг "Presision Sertifi" қўшма корхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Касбий таълимни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш соҳасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида имзоланган меморандум доирасида эндиликда илмий, педагогик ва ишлаб чиқариш мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, кичик ва ёшлар саноат зоналаридаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, кичик ва ёшлар саноат зонасида фаолият олиб бораётган корхоналардаги бўш иш ўринларига йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаб бериш, қисқа муддатли курслар ташкил этиш ва сертификат бериш, "Дуал таълим" йўналиши бўйича ўқув курслари ташкил этиш ҳамда халқаро ISO сертификатларини олишда кўмаклашиш ҳам шулар жумласига киради.


Шу билан бирга, марказ томонидан амалий машғулотлар ташкил этилади ва битирувчиларнинг ишга жойлашишига ёрдам берилади.
Ҳамкорлик келишуви икки томонлама манфаатли бўлиб, келгусида ёшларнинг иш билан банд бўлишини таъминлайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА