Ёшлар учун катта имконият
Нукус шаҳридаги марказий майдонда “ACWA Power” лойиҳаси доирасида бош пудратчи “HDEC” компаниясининг Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаси бўйича бўш иш ўринлари кўргазмаси ташкил этилди.
Мазкур йирик иш ўринлари кўргазмаси Оролбўйи ёшлари учун тарихий воқеа бўлди. Тадбирда турли тармоқ ва йирик компаниялар билан бир қаторда, энергетика соҳасида глобал етакчилардан бири бўлган Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ҳам иштирок этди. Компания томонидан бугунги кунда Қораўзак ва Қўнғирот туманларида 100 ва 2000 МВт қувватларга эга бўлган шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ҳамда “ACWA Power” компанияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда 10 минг нафардан ортиқ фуқаро иштирок этган бўлса, уларнинг кўпчилигини олийгоҳ битирувчилари, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлар ташкил этди. Улар орасида инглиз тилини билувчи ва муҳандислик, энергетика, IT каби йўналишларда таҳсил олганлар “ACWA Power” компанияси вакиллари билан бевосита суҳбатлашиб, танлов жараёнларига йўлланма олиш имкониятига эга бўлишди.
[gallery-24024]
“ACWA Power” томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари, айниқса, чет тилларни биладиган, техник билимга эга бўлган, истиқболли касбларни эгаллашга интилаётган ёшлар учун катта имконият сифатида баҳоланди.
Компаниянинг HR (инсон ресурслари) бўлими вакиллари нафақат ҳозирги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берди, балки келажакда зарур бўладиган энергетика мутахассисликлари, тил билими ва малака ошириш курслари ҳақида ҳам маслаҳатлар беришди.
Компания томонидан иштирокчиларга шифокор, ҳамшира, муҳандис-электрик, муҳандис-қурувчи, администратор, таржимон, тозаловчи, ошхона хизматчиси, жамоатчилик билан алоқа бўйича мутахассис, хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муҳандис, қоровул, механизаторлар, ҳайдовчилар, махсус техника операторлари, автомобиль ҳайдовчилари, ҳар хил йўналишдаги ишчилар бўйича жами 2 минг 294 та бўш иш ўрни таклиф этилди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, айрим мутахассисликлар бўйича иш стажи, тил билиш даражаси билан боғлиқ махсус талаблар мавжуд.
—Қўнғирот туманидаги лойиҳамиз учун тажрибали ва истеъдодли мутахассислар жудаям зарур, — дейди “ACWA Power” компаниясининг маданият ва ходимлар билан ишлаш бўлими раҳбари Ольга Пак. — Тадбирдан кўзланган мақсад иштирокчилар орасидан энг муносибларини танлаб олишдан иборат.
“ACWA Power” — Саудия Арабистонининг қайта тикланувчи энергия, сувни тозалаш ва яшил водород ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компаниясидир. 77 та лойиҳа билан 12 та мамлакатда фаолият юритаётган бу компания бугун Ўзбекистонда ҳам ўз фаолиятини кенгайтириб бормоқда. Жумладан, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш (қуёш ва шамол электр станциялари), сувни тозалаш иншооти каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2030 йилгача умумий 15 миллиард АҚШ долларига яқин инвестиция киритилиши режалаштирилган. 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Мазкур компания билан ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳалар нафақат Ўзбекистоннинг энергетика мустақиллигини таъминлаш, балки ёшларни ўқитиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва дунё бозорига чиқа оладиган кадрларни тайёрлашга хизмат қилмоқда. Шундай йирик компаниялар билан ҳамкорликда ўтказилаётган кўргазмалар — бу шунчаки иш топиш майдони эмас, ўз устида ишлаш, тил ўрганиш, техник кўникмаларни ривожлантириш ва халқаро меҳнат бозорига чиқиш учун катта эшикдир.
Кўргазма чоғида компания вакиллари томонидан махсус рўйхатлар шакллантирилиб, қатор ёшлар ACWA Power нинг Ўзбекистондаги лойиҳаларида ишлаш ёки ўқиш учун суҳбатга чақирилиши маълум қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА