Ўзбекистонда ёшларнинг маънавий-маърифий ва жисмоний ривожига устувор аҳамият қаратиш мамлакатимиздаги янгиланишларнинг устувор йўналишларидан биридир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси айнан шу мақсадга хизмат қилиб, ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ижтимоий фаоллиги ва шахсий салоҳиятини юзага чиқариш учун самарали платформалардан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ташаббуси билан Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллаларда 100 нафардан ортиқ ёшларни қамраб олган “Ёшлар — учинчи ренессанс пойдевори” шиори остида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Тадбир доирасида футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка ҳамда замонавий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Академия профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари томонидан мактаб ўқувчилари билан фойдали суҳбатлар, маънавият дарслари ҳамда турли тўгараклар ташкил этилди. Бу тўгаракларда болалар маънавий-маърифий, юксак ахлоқ, оилавий қадриятлар, соғлом ҳаёт тарзи каби мавзуларда билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
– Бугунги кунда дунё миқёсида кузатилаётган ижтимоий ва сиёсий инқирозлар боис ёш авлод тарбияси ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиб, стратегик вазифага айланди, — дейди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси биринчи проректори, Ҳабибулло Садибақосев. — Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор — бу шунчаки ижтимоий сиёсат эмас, балки миллат келажагини таъминлашга оид узоқни кўзлаган давлат сиёсатининг намунасидир. “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бундай тадбирлар — ёшларни турли оқимлар, ғаразли ғоялар таъсиридан асраш, уларда ватанпарварлик, фуқаролик масъулияти ва маънавий баркамолликни шакллантиришда муҳим восита ҳисобланади.

Академиянинг профессор-ўқитувчилари ёшларни ҳаётга тайёрлаш, уларни жамиятда фаол шахс сифатида камол топтириш масаласида ҳам ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилмоқда.
Шайхонтоҳур туманида амалга оширилган ушбу тадбирлар — маҳалла, таълим муассасаси ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорлик қандай самара беришини яққол кўрсатди. Бундай ишларни тизимли ва узлуксиз давом эттириш бугунги кундаги энг муҳим вазифамиз ҳисобланади.

Таълим, тарбия ва жисмоний машғулотларни уйғунлаштирган бундай тадбирлар ёшлар учун жуда муҳим. Ўқувчиларнинг маънавий-маърифий дунёқараши янада бойиб, ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзига бўлган муносабати мустаҳкамланади. Шу билан бирга, мамлакатимизда барқарор ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга, ёшларнинг радикал ғояларга қарши иммунитетини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
Тадбир сўнгида энг фаол ва ғолиб иштирокчилар академия томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири