Ёшлaр тaрбиясига ҳaммaмиз мaсъулмиз
Ҳаёт давом этаркан тарбия доимо муҳим ва долзарб аҳамият касб этаверади. Донишмандлардан бирининг “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинчлиги ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, – деган фикрини ҳам вақт синовидан ўтган аксиома, десак бўлади.
Ҳаётий ҳақиқат шуни кўрсатадики, ҳар бир болани илмли, ҳунарли қилиб вояга етказиш учун аввало уни тарбиялаш, одобли ва ахлоқли қилиб ўстириш лозим. Чунки тарбияли бола билим олиш, ҳунар ўрганишга қизиқади ва интилади, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликдан йироқ бўлади. Жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг аксариятида тарбия билан боғлиқ бўшлиқ ёки кемтикликни кўриш мумкин. Демак, комил инсонни етиштириш учун аввало, уни тарбиялаш лозим.
Aйрим ўқитувчилар “Мактаб болага билим беради, тарбия бериш ота-онанинг вазифаси”, – деган тушунчага эга. Мен бундай устозлар фикрига қўшилмайман. Тўғри, бола тарбияси учун аввало, ота-она масъул. Aфсуски жамиятимизда ўзи тарбияга муҳтож ота-оналар, муҳити носоғлом бўлган оилалар ҳам учраб туради. Aна шундай ҳолатда шу муҳитда вояга етаётган болаларга маҳалла, мактаб ва кенг жамоатчилик ўз таъсирини ўтказиб, унинг тарбияси билан шуғулланиши керак. Тарбиясиз болага илм ва ҳунар ўргатиш, уни ҳуқуқбузарликлардан қайтариш ҳам қийин.
Фарғона вилояти ҳокимининг топшириғига асосан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг маслаҳатчилари томонидан умумтаълим мактаблари педагог ходимлари иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренингларда мазкур масалалар муҳокама қилиниб, вазифа ва йўналишлар белгилаб олинмоқда.
Бешариқ тумани 2-ўрта таълим мактабида мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирокида семинар ташкил этилиб, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари асосий мавзу бўлди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда мактаб, ота-она, маҳалла ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларга билим бериш билан бирга, уларнинг тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратиш, билим олиш, китоб ўқишга қизиқишларини орттириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, тўгараклар фаолиятини янада жонлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, пировардида уларни комил инсонлар қилиб вояга етказиш борасида қатор масалалар муҳокама қилинди.
Миллат ва давлатимиз келажаги бўлган ёшларга билим ва тарбия бериш учун ҳаммамиз бирдек масъулмиз.
Соҳибжамол Тонготарова,
Фарғона вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси